Беларусь Мажбурий ижро делегацияси Ўзбекистонда
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси томонларининг таклифига биноан Беларусь Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Мажбурий ижро Бош бошқармаси бошлиғи С.Ю.Никель бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – Беларусь Республикаси Адлия вазирлиги Мажбурий ижро Бош бошқармаси ва Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ўртасида суд ҳужжатларини мажбурий ижро этиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳуқуқий ёрдам механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ҳамкорлик тўғрисида идоралараро Меморандумни имзолашдан иборатдир.
Ташриф дастурида расмий учрашувлар ва музокаралар ўтказилиши назарда тутилган бўлиб, улар давомида томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболли режаларни муҳокама қилиш, амалий тажриба алмашиш, шунингдек, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида, ижро ишларининг юритилишида рақамлаштириш жараёнлари, суд қарорлари ижроси самарадорлигини ошириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш механизмлари билан яқиндан танишиш ўрин олган.
Ташриф доирасида, меҳмон делегация аъзолари Мажбурий ижро бюросининг Мониторинг марказига ташриф буюришиб, юртимизда мажбурий ижро тизимига жорий этилаётган замонавий рақамли технологиялар, шунингдек ижро ишларини масофадан бошқариш ва назорат қилиш механизмлари, автоматлаштирилган ижро органлари фаолияти ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилувчи ахборот тизимлари танишишди.
Шунингдек, меҳмон делегация вакиллари Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бошқармалари ва туман-шаҳар бўлимларида ишларнинг ташкил этилиши, ижро ҳужжатларини таъминлаш ва бу борадаги рақамлаштириш имкониятларидан фойдаланиш амалиёти билан танишишни режа қилишган.
ЎзА