Иқлим ўзгариши шароитида Марказий Осиё: ҳамкорлик, инновация ва келажак
Замонавий экологик таҳдидлар глобал иқлим жараёнлари билан узвий бирликда ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан минтақавий экологик саммитларда илгари сурилган ташаббуслар нафақат долзарб, балки Марказий Осиё учун ҳаётий аҳамиятга эга стратегик чақириқдир.
Глобал исиш суръатлари жаҳонда ошиб бораётган бир пайтда, бизнинг минтақада ҳароратнинг икки баробар тез кўтарилаётгани алоҳида хавотир уйғотади. Марказий Осиёда музликларнинг қисқариши, ёғингарчилик тартибининг ўзгариши ва сув ресурслари танқислигининг ортиши иқлим инқирозининг яққол исботидир. Бугун ер майдонларининг катта қисми деградацияга учрагани озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда. Шу боис, Амударё ва Сирдарё каби трансчегаравий дарёлар ресурсларидан фойдаланишда минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро ишонч ҳар қачонгидан муҳимдир.
Ўзбекистон экологик барқарорликни таъминлаш борасида тизимли сиёсат юритиб, “яшил тараққиёт” моделига босқичма-босқич ўтмоқда. Мамлакатда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилиши экологик мувозанатни тиклашда муҳим қадам бўлди. Айниқса, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилаётгани глобал миқёсда эътироф этилмоқда. Энергетика соҳасида ҳам “яшил трансформация” изчил давом этмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши яқин йилларда 50 фоиздан ошиши кутилмоқда. Ўзбекистон Париж битими доирасидаги мажбуриятларини муддатидан олдин бажариб, зарарли чиқиндиларни 35 фоизга камайтиришга эришди. 2035 йилгача бу кўрсаткични икки баробар қисқартириш мақсад қилинган.
Минтақада иқлим муаммоларини ҳал этиш учун илгари сурилган ташаббуслар замонавий экологик бошқарувнинг янги моделини яратмоқда. Хусусан, “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” консорциумини ташкил этиш ҳаво ифлосланишига қарши курашни трансмиллий бошқарув даражасига кўтаради. Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш марказига минтақавий мақом берилиши эса илмий маълумотларни бирлаштириш ва қарор қабул қилишда аниқ асосларга таяниш имконини беради. Шу билан бирга, “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш орқали экологик тоза маҳсулотлар бозорини ривожлантириш, минтақавий экологик атлас ва “Қизил китоб”ни яратиш каби таклифлар биологик хилма-хилликни муҳофаза қилишда янги босқични бошлаб беради.
Ёшларни экологик таълимга жалб этиш ва COP-29 доирасида ташкил этилган ёшлар платформаси келажак авлод олдидаги масъулиятнинг институционал ифодасидир. Глобал экологик фонд каби халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик эса минтақавий ташаббусларни глобал кун тартибига олиб чиқиш имконини беради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, илгари сурилган ғоялар Марказий Осиёни экологик фаровонлик ва барқарор ривожланиш маконига айлантиришга хизмат қилади. Иқлим ўзгаришига қарши кураш энди нафақат табиатни асраш, балки инновация ва минтақавий интеграциянинг асосий драйверига айланди.
Олим НАРЗУЛЛАЕВ, эксперт
ЎзА