English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестиция келса — тараққиёт келади

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларнинг яширин имкониятларини очиш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда хорижий инвестицияларни фаол жалб этишга қаратилган вазифалар ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. Ана шундай амалий ҳаракатлар натижасида Жиззах вилоятининг Фориш тумани навбатдаги истиқболли инвестиция манзилига айланмоқда.

Хитой Халқ Республикасининг “CNTIC” компанияси вакилларидан иборат делегациянинг мазкур ҳудудга ташрифи ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилди. Инвесторлар туман ҳудудида режалаштирилаётган “Караман” сув омбори қурилиши лойиҳаси билан танишиб, унинг нафақат муҳандислик, балки стратегик аҳамиятини ҳам атрофлича баҳоладилар.

Ташриф давомида Фориш туманининг табиий-иқлим шароити, сув захиралари, ер унумдорлиги ҳамда мавжуд инфратузилма имкониятлари чуқур таҳлил этилди. Айниқса, Президент топшириқларига мувофиқ сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ҳамда юқори ҳосилдор, экспортбоп экинларни етиштириш масалалари алоҳида эътибор марказида бўлди.

Шу билан бирга, лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қўшимча қиймат занжирини яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган истиқболли инвестиция йўналишлари муҳокама қилинди. Бу эса ҳудуд иқтисодиётини жадал ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Мазкур ташриф икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бирга, Фориш туманининг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, уни замонавий агросаноат марказларидан бирига айлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Зеро, бугун киритилган инвестиция — эртанги барқарор тараққиёт пойдеворидир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири