Инсон қадри – эътибор ва ғамхўрликда
ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси Хатирчи туманида “Кексаларга меҳр” акцияси доирасида ёлғиз кексалар, беморлар ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди.
Инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёлғиз ва кекса юртдошларимизга меҳр-эътибор кўрсатиш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Акцияда партиянинг ғоя ва мақсадларини қўллаб-қувватлаб келаётган саховатпеша тадбиркор - “DYNAMIC ELECTRONIES” МЧЖ раҳбарияти ва партия ходимлари “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кам таъминланган, ёлғиз ҳамда саломатлиги туфайли ётоқ шароитида бўлган 4 нафар фуқаронинг хонадонига ташриф буюрди.
Ташриф давомида уларнинг ҳолидан хабар олиниб, хонадон эгалари билан самимий суҳбатлар қурилди. Учрашувларда давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг марказида инсон ва унинг манфаатлари тургани, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш, уларнинг дуосини олиш халқимизга хос юксак маънавий қадриятлардан биридир. Зеро, ҳаёт йўли ибрат ва тажрибага бой бўлган кексаларимиз доимо эъзоз ва эҳтиромга муносиб, – дейди маҳалла фаолларидан бири Абдукомил Жўраев. – Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг нақадар халқчил ва инсонпарвар эканлиги бугунгидек саховат тадбирларида яққол намоён бўлмоқда. Ёлғиз ва бемор кексаларимиздан хабар олиш, уларга моддий кўмак кўрсатиш ўзбекона қадриятларимизнинг гўзал намунасидир. Партия ва саховатпеша тадбиркорларимиз томонидан амалга оширилаётган бундай эзгу амаллар кексаларимизнинг дуоларини олишга, уларнинг дилидаги шукроналик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади. Бунинг учун барча ташкилотчиларга катта раҳмат айтамиз.
ЎзЛиДеП томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида жойларда амалга оширилаётган хайрия акциялари ва манзилли тадбирлар давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири