Бошқармада “Махсус суриштирув хонаси” ташкил этилди
Хоразм вилоят божхона бошқармасида замонавий талаблар асосида жиҳозланган “Махсус суриштирув хонаси” ишга туширилди.
Унинг очилишида Божхона қўмитаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акромжон Ахлимирзаев, вилоят прокуратураси вакиллари ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбир доирасида ходимлар билан суҳбат ўтказилиб, соҳадаги устувор вазифалар, суриштирув жараёнларини қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш, процессуал ҳаракатларни сифатли ва холисона амалга ошириш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Шундан сўнг махсус суриштирув хонаси кўздан кечирилиб, унда яратилган шарт-шароитлар, замонавий техник жиҳозлар ҳамда процессуал ҳаракатларни, хусусан, сўроқ жараёнларини белгиланган тартибда ўтказиш ва қайд этиш имкониятлари билан танишилди.
~Таъкидлаш жоизки, бошқарма томонидан жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида 844 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қарийб 15 миллиард сўмлик ноқонуний товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди, - дейди вилоят божхона бошқармаси инспектор-суриштирувчиси Гулсанам Шоҳназарова. - Мазкур кўрсаткичлар ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда, аниқланган ҳуқуқбузарликлар сони 416 тага кўпайган, ушлаб қолинган товарларнинг умумий қиймати эса 5 миллиард 602 миллион сўмга ошган.

Янги махсус суриштирув хонасининг ташкил этилиши мазкур йўналишдаги ишларни янада сифатли ташкил этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш ва процессуал жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири