Алифбо ислоҳоти тилимиз келажагига қаратилган муҳим қадамдир
Тил – миллатнинг қалби, тарихий хотираси, тафаккури ва маънавий қиёфасини ўзида мужассам этган буюк қадрият. Миллатнинг неча асрлик тажрибаси, дунёқараши, орзу-интилишлари ва маърифий салоҳияти, аввало, унинг тилида намоён бўлади. Алифбо эса ана шу тилнинг ёзма қиёфасини белгилайдиган, уни авлоддан авлодга етказадиган ва жамиятнинг илмий-маърифий тараққиётига хизмат қиладиган муҳим воситадир. Шу боис алифбо масаласи ҳеч қачон оддий ҳарфлар масаласи бўлмаган ва бўлмайди. Бу миллий тилнинг бугуни, эртаси ва унинг жаҳон ахборот маконидаги ўрни билан чамбарчас боғлиқ масаладир.
Бугун Ўзбекистоннинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида юз бераётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, қўлланиш доирасини кенгайтириш ва замонавий тараққиёт талабларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбек тилининг мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида, шунингдек, халқаро майдонда тобора кенг қўлланаётгани унинг имкониятларини янада ривожлантириш учун янги вазифаларни кун тартибига олиб чиқмоқда. Ана шундай муҳим вазифалардан бири лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ва Сенатнинг 19-ялпи мажлисида маъқулланиши шу жиҳатдан катта аҳамиятга эга.
Мазкур ташаббуснинг моҳияти фақат айрим ҳарфларнинг шаклини ўзгартиришдан иборат эмас. Унинг замирида ўзбек ёзувини янада қулай, аниқ, изчил ва замонавий технологиялар билан уйғун тизимга айлантириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда уни рақамли маконда тўлақонли фаолият юрита оладиган тил сифатида ривожлантириш мақсади мужассам.
Янги таҳрирдаги алифбода амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан фойдаланиш назарда тутилмоқда. Хусусан, “G‘ g‘” ўрнига “Ğ ğ”, “O‘ o‘” ўрнига “Ö ö”, “Sh sh” ўрнига “Ş ş”, “Ch ch” ўрнига “Ç ç” шаклларининг қўлланиши ёзув тизимининг график жиҳатдан ихчамлиги ва техник имкониятларини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Бир қарашда бу ўзгаришлар фақат график кўринишга дахлдордек туюлади. Аслида эса ҳар бир белгининг ёзувдаги ўрни, унинг электрон қурилмалар томонидан қайта ишланиши, қидирув тизимларида тан олиниши, маълумотлар базаларида сақланиши ва рақамли дастурларда бир хил акс этиши тилнинг замонавий ҳаётидаги ниҳоятда муҳим масалаларидан биридир. Айниқса, “O‘ o‘” ва “G‘ g‘” белгиларини ёзишда кўп йиллардан буён кузатилаётган техник ноқулайликлар барчамизга маълум. Турли клавиатураларда, мобил қурилмаларда, электрон ҳужжатларда ва дастурий тизимларда мазкур белгиларни бир хил кўринишда қўллаш ҳар доим ҳам осон кечмайди.
Натижада бир сўзнинг турли ҳужжатларда турлича ёзилиши, электрон қидирувда керакли маълумотнинг топилмаслиги, маълумотлар базаларида номувофиқликлар юзага келиши каби муаммолар пайдо бўлади.
Бугунги рақамли даврда эса бундай масалалар майда техник камчилик сифатида қаралиши мумкин эмас. Чунки тил энди қоғоздаги матн билангина чегараланмайди. У электрон ҳукумат тизимларида, интернет тармоқларида, мобил иловаларда, электрон кутубхоналарда, сунъий интеллект платформаларида, автоматик таржима дастурларида ва катта ҳажмдаги маълумотлар базаларида фаол яшамоқда. Шу маънода алифбо ислоҳоти ўзбек тилининг рақамли келажаги билан боғлиқ стратегик масаладир.
Келажакда ўзбек тилидаги электрон луғатлар, миллий корпуслар, автоматик таржима тизимлари, нутқни матнга айлантириш технологиялари, матнни автоматик таҳлил қилиш дастурлари ва сунъий интеллект воситалари қанчалик ривожланмасин, уларнинг самарадорлиги тилнинг ёзув тизими қанчалик стандартлаштирилганига ҳам боғлиқ бўлади.
Демак, бугун алифбони такомиллаштириш орқали биз фақат ёзувдаги айрим ноқулайликларни бартараф этмаяпмиз, балки ўзбек тилининг янги технологик авлод учун имкониятларини ҳам кенгайтирмоқдамиз.
Бу жараённинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, янги таклиф этилаётган айрим график белгилар ўзбек ёзуви тарихида мутлақо бегона эмас. “Ğ ğ”, “Ö ö”, “Ş ş”, “Ç ç” каби шакллар 1929-1940 йилларда амалда бўлган лотин ёзувига асосланган алифбо тажрибасида ҳам, 1993 йилда тасдиқланган ўзбек лотин алифбоси вариантида ҳам қўлланган.
Бу эса бугунги ислоҳотни тарихий тажрибадан бутунлай узилган янгилик сифатида эмас, балки ўзбек ёзуви тараққиётининг аввалги босқичларида тўпланган тажрибаларни замонавий эҳтиёжлар билан уйғунлаштиришга қаратилган жараён сифатида кўриш имконини беради. Бу борада жадид боболаримизнинг мероси алоҳида аҳамият касб этади. Жадидлар учун ёзув масаласи шунчаки ҳарфларнинг шакли эмас, балки миллатнинг саводхонлиги, таълим сифати, маърифат даражаси ва тараққиёти билан боғлиқ масала эди.
Улар халқнинг илм-маърифатга етиши учун ёзув имкон қадар қулай ва тушунарли бўлиши зарурлигини чуқур англаганлар. Бугунги авлоднинг вазифаси эса аждодлар бошлаб берган маърифий интилишларни янги давр шароитида давом эттиришдир. Фақат бугунги кунда бизнинг олдимизда янги вазифалар турибди: ёзув нафақат инсон учун, балки рақамли технологиялар учун ҳам қулай бўлиши керак.
Алифбо ислоҳотининг таълим жараёнидаги аҳамияти ҳам ниҳоятда катта. Мактаб ўқувчиси, талаба, ўқитувчи, тадқиқотчи ёки оддий фуқаро учун ёзув тизими қанчалик аниқ ва изчил бўлса, ундан фойдаланиш шунчалик қулай кечади.
Келажак авлод ўзбек тилини ягона график тизим асосида ўрганиши, электрон ресурслардан фойдаланиши ва халқаро ахборот маконига чиқиши учун ёзувимизнинг замонавий талабларга жавоб бериши зарур. Зеро, бугунги бола эртанги куннинг тадқиқотчиси, мутахассиси, дастурчиси, журналисти, ўқитувчиси ёки олими бўлади. Унинг ўзбек тилида бемалол билим олиши ва шу тилда замонавий технологиялардан фойдаланиши учун мустаҳкам лингвистик пойдевор керак.
Шу билан бирга, бундай катта ислоҳотни босқичма-босқич ва пухта ўйланган ҳолда амалга ошириш ниҳоятда муҳим. Қонун кучга киргунга қадар амалдаги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмаслиги, давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичларидан улар яроқсиз ҳолга келгунга қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилиши айнан шу масъулиятли ёндашувнинг ифодасидир.
Бу фуқаролар ва ташкилотларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, давлат ва жамият учун ортиқча харажатларнинг олдини олиш имконини ҳам беради.
Бугун ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётган бир пайтда унинг ёзувини замонавийлаштиришга қаратилган бундай ташаббуснинг тарихий аҳамияти янада ошади.
Ўзбек тили буюк адабий ва илмий меросга эга бўлган, миллионлаб инсонларнинг тафаккури ва маънавий оламини ифодаловчи тилдир. Энди унинг имкониятларини фақат анъанавий ёзма мулоқот доирасида эмас, балки глобал рақамли маконда ҳам кенгайтиришимиз керак. Бунинг учун эса тил сиёсати, имло, алифбо ва рақамлаштириш жараёнлари бир-бирини тўлдириши зарур.
Шу нуқтаи назардан қараганда, алифбони такомиллаштиришга қаратилган мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаш тилимизнинг тарихий меросига ҳурмат билан қараш, айни пайтда унинг келажаги ҳақида жиддий ўйлаш демакдир.
Биз аждодлардан мерос бўлиб келган тилни шунчаки сақлаб қолиш билан чекланмаслигимиз керак. Уни замон билан ҳамнафас ривожлантириш, янги илмий ва технологик имкониятларга мослаштириш, ёш авлод учун қулай ва мукаммал ёзув тизимини шакллантириш ҳам бизнинг тарихий вазифамиздир.
Бугун алифбога киритилаётган ўзгаришлар, аслида, келажак авлодга қаратилган ўзгаришлардир. Чунки биз танлаётган ҳар бир ҳарф, белги ва ёзув шакли эртага миллионлаб матнларда, дарсликларда, илмий асарларда, электрон маълумотлар базаларида, дастурий таъминотларда ва рақамли платформаларда қўлланади.
Демак, бугунги қарорларимизнинг таъсири бир неча йил билан эмас, балки ўнлаб йиллар билан ўлчанади.
Ўзбек тили ўзининг бой тарихига муносиб равишда замонавий дунёнинг барча соҳаларида тўлақонли ишлайдиган тил бўлиши керак. Унинг ёзуви эса содда, аниқ, изчил, техник жиҳатдан қулай ва келажак технологияларига мос бўлиши зарур.
Ана шу мақсад йўлида алифбони такомиллаштириш - ўзбек тилининг нуфузини ошириш, унинг имкониятларини кенгайтириш ва миллий тилимизнинг келажак авлодлар ҳаётидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим қадамдир.
Алифбо - шунчаки ҳарфлар мажмуи эмас. У миллий тафаккурнинг ёзма ифодаси, илм-маърифатнинг воситаси, тарих ва келажакни боғловчи маънавий кўприкдир.
Бугун ана шу кўприкни замонавий ва мустаҳкам қуриш вақти келди. Ўзбек тилининг буюк ўтмиши бизга фахр бағишласа, унинг замонавий ва рақамли келажаги биздан масъулият талаб қилади.
Гулсанам Норова,
филология фанлари доктори.
ЎзА