Илмий ёндашув ва инновацион ҳамкорликнинг янги босқичи
Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда халқаро тажриба ва илмий ёндашувга таяниш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Миср Араб Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва ерларни мелиорация қилиш вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги илмий тадқиқот маркази олимларидан иборат делегацияни қабул қилди.
Мулоқотда икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илмий салоҳият ва амалий тажриба алмашиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини замонавий, илм-фан ва инновацияларга асосланган тармоққа айлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ер унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигида рақамлаштириш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу вазифалар Бухоро вилояти учун айниқса долзарб. Чунки вилоятнинг табиий-иқлим шароити, сув ресурсларининг чекланганлиги ва айрим ҳудудларда тупроқ унумдорлигининг пастлиги аграр соҳада янгича ёндашувларни талаб этади. Шу нуқтаи назардан, Миср тажрибаси муҳим аҳамиятга эга. Қишлоқ хўжалигини сув танқислиги шароитида ташкил этиш, чўл ва унумдорлиги паст ерлардан самарали фойдаланиш, мелиоратив ҳолатни яхшилаш ва ҳар бир томчи сувдан юқори самара олиш борасидаги илмий ва амалий ёндашувлар Бухоро шароити учун ҳам долзарбдир.

Учрашувда ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, сув ресурсларини тежаш, замонавий суғориш технологияларидан фойдаланиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш бўйича Миср олимлари тажрибасини ўрганиш юзасидан фикр алмашилди.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — узумчилик ва боғдорчиликни ривожлантириш. Бугунги кунда аграр тармоқда асосий вазифа нафақат кўпроқ маҳсулот етиштириш, балки уни қайта ишлаш, қўшилган қиймат яратиш ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар улушини оширишдан иборат. Шу боис учрашувда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш билан бир қаторда уларни чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Чорвачилик соҳасида ҳам ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, чорва молларини сунъий уруғлантириш амалиётини такомиллаштириш, наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, маҳсулдор зотларни кўпайтириш ва замонавий селекция ютуқларини амалиётга жорий қилиш бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Ботир Зарипов қишлоқ хўжалигида барқарор ва юқори натижага эришишда илм-фан, инновация ва илғор хорижий тажрибанинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.

— Бугун қишлоқ хўжалигида самарадорликка эришиш учун анъанавий ёндашувнинг ўзи етарли эмас. Сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ва халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш — соҳанинг келажагини белгилайди, — деди вилоят ҳокими.
Мисрнинг мураккаб табиий-иқлим шароитида қишлоқ хўжалигини ташкил этиш, сув танқислиги шароитида маҳсулдорликни ошириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида тўплаган тажрибаси Бухоро учун амалий аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашув якунида ҳамкорликни фақат мулоқот ва тажриба алмашиш доирасида эмас, балки аниқ амалий лойиҳалар орқали давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда икки томонлама тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, олимлар ва мутахассислар иштирокида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш, илмий ишланмаларни бевосита ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ҳамда Бухоро вилоятида пилот лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикрлар билдирилди. Энг муҳими, бу ҳамкорлик Бухоро қишлоқ хўжалигини фақат бугунги эҳтиёжлар асосида эмас, балки иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва глобал аграр бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантиришга хизмат қилади. Илм-фан, инновация ва халқаро тажриба уйғунлиги эса вилоят аграр тармоғида янги имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири