Қибрай иссиқхонасида “яшил” технология
Президентнинг “яшил” технологияларга асосланган иссиқхоналарни ривожлантириш бўйича қарори соҳада қандай ўзгаришларни олиб келади? Тошкент вилоятидаги намунали хўжаликда бу саволга жавоб топилди.
Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Президентнинг 2026 йил 13 октябрдаги “Илғор “яшил” технологиялар асосида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги иссиқхона хўжалигига пресс-тур уюштирди.
4 гектардан зиёд майдонда жойлашган ушбу иссиқхонада асосан гул етиштирилади. Хўжалик Тошкент шаҳри ва республика вилоятларини замонавий гуллар билан таъминлаб келмоқда. Бу каби тадбиркорларнинг кўпайиши туфайли мамлакатимизга авваллари хориждан катта миқдорда келтирилган гул импорти сезиларли даражада камайди. Тадбиркорлар Омонулла Саидхўжаев ва Фарҳод Юнусовга тегишли мажмуада 70 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Барча тизимлар тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, жараёнлар сув ва энергия тежамкор технологияларга асосланган. Энг муҳими, бу ерда кўмир ёқилса-да, экологияга зарар етказилмайди. Тадбиркор яқинда бу борада махсус сертификатга ҳам эга бўлди.

–162-сон қарор чиққанидан кейин Тошкент шаҳри ҳавосини тозалашга ўз ҳиссамизни қўшиш учун шу йўналишни чуқур ўргандик, – дейди тадбиркор Хуршид Аҳмедов. – Шуни англаб етдикки, дунёда энг кўп кўмир ишлатадиган Хитой йилига 5,5 миллиард тонна кўмир ёқса-да, ҳаво фильтрларига қўйилган талаблар дунё стандартларига жавоб бергани учун экологик хавфсиз ҳисобланади. Уларнинг технологиясини ўрганиб, шу қарорга келдик: кўмирни тўлиқ ёқиб, ҳаво босими орқали зарарли тутундан халос бўламиз ва сув ёрдамида яна фильтрдан ўтказсак, чиқадиган тутуннинг 99 фоизини тозалашга эришамиз. Агар кўмирни тўлиқ ёқсак, 40 фоиз иқтисод қиламиз ва ҳавога чиқаётган заҳарли моддани ушлаб қолиб, сув орқали чиқариб юборамиз. Иссиқлик меъёрга етса, ускуна ўзини-ўзи ўчиради, яъни тежамкорлик таъминланади. Бу технологияни хитойлик ҳамкорларимиз билан амалга оширдик.
Агентлик раҳбарияти оммавий ахборот воситалари вакилларига қарорда кўзда тутилган талаблар, солиқ имтиёзлари, энергия харажатларининг бир қисмини қоплаш, замонавий иситиш ускуналарини харид қилиш учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратиш каби механизмлар ҳақида батафсил маълумот берди.
–Мана икки йилдирки, агентлигимиз томонидан ушбу соҳада катта ишлар амалга оширилди. Тизимда 60 минг нафар соҳа вакили фаолият юритади. Асосий мақсадимиз – юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, – дейди Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директорининг ўринбосари Хайрулла Солиев. – Куни кеча давлатимиз раҳбарига қилинган тақдимотдан сўнг иссиқхона хўжаликларига қатор имтиёзлар берилди. Жорий йилнинг 13 октябрь куни Президентимизнинг тарихий деб қаралаётган 371-сонли қарори қабул қилинди. Унда солиқ имтиёзлари, субсидиялар ва бошқа рағбатлантиришлар кўзда тутилган. Шу пайтгача бу соҳага бундай катта эътибор қаратилмаган эди. Бу ҳужжат иссиқхона хўжаликлари фаолиятига жуда катта ижобий ўзгаришларни олиб келади. Албатта, бу ислоҳотлар замирида инсон манфаати ётибди.
Ушбу чоралар тадбиркорларнинг бугунги харажатларини енгиллаштириш билан бирга, келгусида энергия тежамкор ва иқтисодий жиҳатдан самарали хўжаликларни шакллантиришга хизмат қилади. Иссиқхона эгаларига кўрсатилаётган давлат кўмагининг пировард натижаси етиштирилган маҳсулот ҳажмини ошириш, унинг таннархини пасайтириш ва хўжаликнинг барқарор даромадлилигини таъминлашдан иборат бўлмоғи лозим.
[gallery-32093]
Пресс-тур давомида журналистларнинг саволларига агентлик мутасаддилари батафсил жавоб қайтарди.
Санжар Тошпўлатов,
Ўктам Ҳайитов, (сурат)
ЎзА