Газ жиҳозлари ва дудбуронларнинг техник ҳолати кўздан кечирилмоқда
Қиш мавсуми яқинлашар экан, хонадонларда иситиш мосламалари, газ жиҳозлари ва дудбуронларнинг созлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этади. Чунки совуқ кунларда газдан фойдаланиш ҳажмининг ортиши билан бир қаторда, хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик оқибатида ис газидан заҳарланиш ва ёнғин билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар хавфи ҳам ортади.
Шу боис аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, айниқса, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида жойларда профилактик-тушунтириш ишлари кучайтирилмоқда. Бу жараёнда асосий эътибор фақат тарғибот билан чекланиб қолмасдан, мавжуд муаммоларни хонадонма-хонадон ўрганиш, хавфли ҳолатларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва профилактика ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида энергия ресурсларидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш, ҳудудлардаги муаммоларни маҳаллабай ўрганиш ҳамда уларни барвақт бартараф этиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Хўш, аҳоли мавсумга қанчалик тайёр? Бухоро вилояти Ромитан туманида газ таъминоти ҳамда Фавқулодда вазиятлар бўлими масъуллари иштирокида ўтказилаётган ўрганишлар бу саволга жиддий ёндашиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Мутасаддилар туманнинг бир қатор маҳаллаларидаги хонадонларга кириб, газ жиҳозлари ва дудбуронларнинг техник ҳолатини кўздан кечирмоқда. Ўрганишлар давомида айрим хонадон эгалари ҳали мавсумга тўлиқ тайёргарлик кўрмагани маълум бўлди.
Хусусан, айрим хонадонларда дудбуронларнинг носозлиги, нотўғри ўрнатилгани, ўз вақтида тозаланмагани, шунингдек, эскирган ёки ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланилаётгани аниқланди.

Бу шунчаки маиший камчилик эмас. Аслида, дудбуроннинг бир қарашда кўзга ташланмайдиган нуқсони инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, дудбуронлар орқали ёнув маҳсулотларининг ташқарига тўлиқ чиқиб кетмаслиги хонадон ичида ис гази тўпланишига олиб келиши мумкин. Ис газининг энг хавфли жиҳати шундаки, у рангсиз ва ҳидсиз бўлиб, инсон хавфни сезмасдан заҳарланиши эҳтимоли юқори. Шунинг учун дудбуроннинг шунчаки мавжуд бўлиши эмас, балки унинг техник жиҳатдан созлиги, тўғри ўрнатилгани ва мунтазам тозалаб турилиши ҳаётий аҳамиятга эга.
Афсуски, ўрганишлар жараёнида айрим фуқаролар дудбуронларни турли буюмлар билан беркитиб қўйгани ёки уларни узоқ вақт давомида тозалатмагани ҳам аниқланмоқда. Айрим ҳолатларда эса ностандарт газ мосламаларидан фойдаланиш ҳолатларига дуч келинмоқда.
Мутахассислар томонидан хонадон эгаларига бундай ҳолатларнинг оқибатлари атрофлича тушунтирилиб, газ жиҳозлари ва дудбуронларни ўрнатиш, улардан фойдаланиш ҳамда техник хизмат кўрсатиш қоидалари бўйича зарур тавсиялар берилмоқда. Энг муҳими — хавфни содир бўлгандан кейин эмас, ундан олдин бартараф этиш.
Бугун бир неча дақиқа вақт ажратиб дудбуронни текширтириш, газ жиҳозининг созлигини кўздан кечириш ёки носоз мосламани алмаштириш орқали эртанги фожианинг олдини олиш мумкин.

Аслида, хавфсизлик фақат мутасадди ташкилотларнинг вазифаси эмас. Газдан фойдаланувчи ҳар бир хонадон соҳиби ҳам ўз хавфсизлиги учун масъул. Шу маънода профилактика тадбирларининг хонадонбай ташкил этилаётгани муаммонинг илдизини аниқлаш ва одамларда шахсий масъулиятни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, болалар, кексалар ва оила аъзолари кўп вақт уйда бўладиган хонадонларда бу масалага янада жиддий ёндашиш талаб этилади.
Ромитан туманида бошланган ҳамкорликдаги ишлар шу мақсадга қаратилган: хавфли ҳолатларни барвақт аниқлаш, аҳолига аниқ ва ҳаётий мисоллар асосида тушунтириш бериш, мавсумни талафотсиз ўтказиш учун зарур чораларни олдиндан кўриш. Зеро, бир марта текширилмаган дудбурон, бир марта эътиборсиз қолдирилган газ жиҳози ортида инсон ҳаёти туриши мумкин. Шу боис хавфсизлик қоидаларига амал қилишни эртага қолдирмаслик керак. Чунки эҳтиёт чоралари учун сарфланган бир неча дақиқа — инсон ҳаётини асраб қолиши мумкин бўлган энг муҳим вақтдир. Ҳудудлардаги профилактик ва тарғибот ишлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири