Ҳудудларда жиноятларга қарши кураш назоратда
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Унда вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли бошқарма ва ташкилот мутасаддилари иштирок этди ва кун тартибига киритилган бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, вилоят прокурори А.Мирзаев жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудуддаги криминоген вазият, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва уларнинг сабаб-омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланди.

Қайд этилганидек, ўтган даврда 3 минг 347 та жиноят аниқланган бўлиб, уларнинг 717 таси олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ҳисобланади. Кўрилган чоралар натижасида ушбу турдаги жиноятлар ўтган йилга нисбатан 12 фоизга камайгани маълум бўлди. Шу билан бирга, кибержиноятлар улуши ортиб бораётгани таъкидланиб, “Yagona cyber markaz” ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Сессияда оилавий низолар, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилиниб, бу борада манзилли ишлаш зарурлиги айтилди. Ҳисобот даврида Президентимиз тегишли қарорлари ижросига асосан 412 та “хавфсиз кўча” ва 286 та “хавфсиз уй” ташкил этилиб, видеокузатув тизимлари жорий қилинди. Натижада маҳаллаларнинг 77 фоизида жиноят содир этилиши олди олинди.

Шунингдек, ижтимоий профилактикадаги камчиликлар, йўл ҳаракати хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги муаммолар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилояти Халқ қабулхонасининг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисида ахбороти эшитилди. Унда мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш, такрорий мурожаатларни қисқартириш ҳамда масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Сессия давомида мазкур йўналишлар бўйича депутатларнинг фикр ва таклифлари атрофлича тингланиб, жиноятларни барвақт олдини олишга қаратилган аниқ ташаббуслар илгари сурилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
А.Мусаев, ЎзА