Диплом учун иш жойи маълумотномаси шарт эмас
Ижтимоий тармоқларда давлат олий таълим ташкилотлари битирувчиларидан диплом ҳимоясидан олдин турли ҳужжатлар, жумладан, ўзини ўзи банд қилгани тўғрисида маълумот, расмий иш жойидан маълумотнома ёки уч томонлама шартнома талаб қилинаётгани ҳақидаги мурожаатлар кўпайди.
Бу ҳақда Олий таълим,фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.
Қайд этилишича, битирувчилардан битирув малакавий ишига киритиш ёки диплом бериш жараёнида иш билан бандлигига оид ҳар қандай қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш белгиланмаган. Битирув малакавий иши ҳимоясига қўйиш фақатгина ўқув жараёни билан боғлиқ талаблар асосида амалга оширилади.
Шу билан бирга, битирувчилар бандлигини таҳлил қилиш ва уларнинг меҳнат бозорига чиқиш жараёнини кузатиб бориш мақсадида Солиқ қўмитаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинган ҳолда мониторинг ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнлар рақамли платформалар орқали автоматик тарзда олиб борилади ва талабалардан қўшимча тасдиқловчи ҳужжатларни мажбурий тарзда талаб қилишни назарда тутмайди.
Вазирлик томонидан барча олий таълим ташкилотларига битирувчилар билан ишлашда қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, уларга нисбатан ортиқча бюрократик талаблар қўймаслик ҳамда ҳар қандай маълумотларни йиғишда ихтиёрийлик тамойилига амал қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА