Туркия Конституциявий суди делегациясининг мамлакатимизга ташрифи давом этяпти
Шу кунларда қардош Туркия Республикаси Конституциявий суди раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи давом этяпти.
Ташриф дастури жуда сермазмун: икки давлат Конституциявий суди раҳбарлари иштирокидаги расмий учрашувдан ташқари ўзаро англашув Меморандуми имзолаш, Халқаро давра суҳбати ўтказиш, шунингдек Самарқанд ва Бухоро шаҳрида режалаштирилган расмий ва маданий тадбирларда қатнашиш. Мақсад ҳам аниқ: Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятига илғор халқаро тажрибани жорий қилиш, жумладан бу борада қарийб 65 йиллик тарихга эга Туркия билан шерикликни ривожлантириш орқали самарали хорижий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш.
Режага кўра, дастлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ва Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Қодир Ўзқоя раҳбарлигидаги жамоаларнинг расмий учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот давомида икки дўст мамлакатнинг конституциявий одил судлов соҳасидаги ҳамкорлигини изчил ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
[gallery-29203]
Шу куннинг ўзида Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ва Қодир Ўзқоя Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Туркия Республикаси Конституциявий суди ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги Ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
Мазкур келишувдан ўзаро конституциявий ҳуқуқ соҳасини назарий ва амалий жиҳатдан чуқур ўрганиш, қўшма амалий тадбирлар орқали ишончли, дўстона муносабатни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган институционал асосни мустаҳкамлашдек эзгу ниятлар кўзланган.
Ҳужжат доирасида мавжуд алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, жумладан фикр ва илғор тажриба алмашиш орқали суд-ҳуқуқ соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, конституциявий одил судлов соҳасидаги долзарб масалалар бўйича қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, шунингдек, конституциявий шикоят институтини қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.
Шу билан бирга конституциявий одил судлов соҳасида ахборот, илмий нашрлар, суд қарорлари ва бошқа тегишли материалларни мунтазам равишда алмашиш, томонлар ваколатига дахлдор масалалар юзасидан қўшма илмий-амалий конференция, семинар, ўқув ва тадқиқот дастурлари, малака ошириш тадбирлари ташкил этиш каби устувор йўналишлар белгиланди.
Мазкур меморандум икки давлат конституциявий судлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, замонавий конституциявий одил судлов амалиётини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳуқуқий мулоқотни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ғ.Хонназаров,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА