Ҳозирда 87 минг давлат хизматчисидан 16,5 минг нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказмоқда.
Ёшлар учун касб ва тил ўрганиш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик бўйича ўнлаб хизматлар мавжуд. Бу хизматлардан “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланиш учун Ёшлар хаблари ташкил этилади. Ушбу тажриба Сурхондарёдан бошланиб, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштирилади.
Ҳозирда 87 минг давлат хизматчисидан 16,5 минг нафарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади. Шундан 902 нафари раҳбарлик лавозимида ишламоқда.
— Салоҳиятли ёшларимиз жуда кўп. Вазир ва ҳокимлар ёшларга ишонч билдириб, масъулиятли лавозимга қўйишдан чўчимаслиги керак, — деди Президентимиз.
Шу мақсадда ёш лидерларни аниқлаш бўйича 5 та йўналишда “ТОП-100” дастури амалга оширилади. Дастур доирасида “янги иқтисодиёт”, АТ ва сунъий интеллект, таълим, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича юртимиздаги ёшлар ҳамда чет элдаги ватандошларимиз учун очиқ танлов эълон қилинади.
Ҳар икки йилда бир марта ўтадиган мазкур танловнинг 100 нафар ғолиби 50 миллион сўмдан мукофотланади ва раҳбарлик лавозимига тайинланади.
Ҳар бир вазирлик ва тармоқ ўз йўналишида “ТОП-100” иқтидорли ёшлар” дастурини бошлайди ва ўз йўналишидаги халқаро ташкилотларга стажировкага юборади.
Мутасаддиларга йилига 2 минг нафар ёшни халқаро ташкилотларга стажировкага юбориш бўйича режани тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш топширилди.
ЎзА