Ҳарбий хизматчиларга БҲМнинг 100 бараваригача моддий ёрдам тўлаш имконияти яратилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш режалаштирилган. Дастлаб “Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа ҳақида мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов батафсил маълумот берди:
— Мамлакатимизда мудофаа ва хавфсизлик соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси ҳам ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, имтиёзлари, кафолатлари ҳамда уларнинг мажбуриятлари билан боғлиқ муносабатларни комплекс тартибга солишга қаратилган.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги, шунингдек, улар ва оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг аниқ механизмлари белгилаб берилмоқда. Хусусан, ҳарбий хизматчилар учун давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқлар, эркинликлар, қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзлар, чекловлар, мажбуриятлар ва жавобгарлик мажмуи ҳарбий хизматчилар мақоми, деб белгиланяпти.
Ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлиш ва уни бекор қилиш тартиби, хизматни ўташнинг ўзига хос хусусиятлари, хизмат интизоми ва хизмат мажбуриятларига доир талаблар аниқлаштирилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, уларни моддий таъминлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, мажбурий давлат суғуртаси, пенсия таъминоти, хизмат вазифасини бажариш чоғида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган тақдирда компенсация тўловларини амалга ошириш каби кафолатлар мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясига қаратилган янги имтиёзлар ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, ҳарбий хизматдан бўшатилган ва хизмат йиллари 20 йилдан кам бўлмаган ҳарбий хизматчиларга йилига бир маротаба санаторий-курортларга 75 фоизлик имтиёз асосида йўлланма олиш имконияти яратилмоқда. Бунда йўлланма нархининг 25 фоизи ҳарбий хизматчи ҳисобидан, 75 фоизи эса тегишли вазирлик ва идораларнинг бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
Шу билан бирга, бахтсиз ҳодисалардан зарар кўрганлиги, ҳарбий хизматчининг вафоти муносабати билан ҳарбий хизматчиларга йилига бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган миқдорда моддий ёрдам тўлаш имконияти яратилмоқда, — деди вазир.
Мажлисда таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, уларнинг ва оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова,
ЎзА