Ҳарбий қисмда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ДХХ Чегара қўшинларига қарашли "Н" ҳарбий қисмида маданий ва маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш ва уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлашдан иборат бўлди.

Мазкур маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши, ДХХ Чегара қўшинларига қарашли “н” ҳарбий қисм, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда маданият бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда ҳарбий хизматчилар, ижодкорлар, ёшлар ва маданият соҳаси вакиллари иштирок этишди. Мулоқотлар давомида Ватанга муҳаббат, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигини асраш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи экани хусусида фикр алмашилди.

Тадбир иштирокчилари эътиборига юртимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари, адабиёти ва санъатига оид фикр-мулоҳазалар ҳавола этилди. Шунингдек, Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли ва масъулиятли вазифанинг мазмун-моҳияти, унинг юрт тинчлиги ва сарҳадлар дахлсизлигини таъминлашдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Ижодкорларнинг шеър ва адабий-бадиий чиқишлари тадбирга ўзига хос руҳ бағишлаган бўлса, дилбар куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Маънавий-маърифий учрашувларда ҳарбий хизматчиларнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш, уларни китобхонликка, миллий санъат ва адабиётга қизиқтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги мулоқот ва фикр алмашувлар тадбирларнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди.
Таъкидланганидек, бундай маънавий-маърифий тадбирлар ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан бирга, уларнинг юртга садоқати, миллий ғурури ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зеро, тинч ва осуда ҳаёт, фаровон келажак ҳамда юрт тараққиётининг муҳим омили — Ватанни севувчи, унинг тинчлиги ва сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашга тайёр бўлган фидойи инсонлардир. Ягона Ватан ва ягона халқ ғояси атрофида бирлашиб, янги ҳаёт ва ёруғ келажак сари дадил қадам ташлаш барчамизнинг эзгу мақсадимиздир.
Тадбирларда 200 нафар ҳарбий хизматчилар ва ёшлар қамраб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари