Тиббий чиқиндилар маиший чиқиндиларга аралаштирилмоқда: Тошкентда қоидабузарликлар аниқланди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, тиббий чиқиндиларнинг қарийб 15 фоизи хавфли ҳисобланади.
Улар таркибида инфекция тарқатувчи микроорганизмлар, кимёвий моддалар ва бошқа хавфли компонентлар бўлиши мумкин. Хусусан, тиббий чиқиндиларни нотўғри сақлаш, ташиш ва утилизация қилиш нафақат экологик муаммо, балки инсон саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу сабабли бундай чиқиндиларни белгиланган талаблар асосида йиғиш, сақлаш, ташиш ва зарарсизлантириш муҳим аҳамиятга эга.
Аммо Тошкент шаҳрида ўтказилган ўрганишлар давомида айрим тиббиёт муассасаларида хавфли чиқиндилар маиший чиқиндиларга аралаштирилиб, полигонлар ва белгиланмаган жойларга ташлангани аниқланди. Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан Тошкент шаҳрида тиббий чиқиндилар билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилди.
Қайд этиш лозимки, АҚШнинг “SAYAR LLC” компанияси иштирокида “Sayar green” хорижий корхонаси ташкил этилган. Умумий қиймати 115 миллион АҚШ доллари бўлган инвестиция лойиҳаси доирасида тиббий чиқиндиларни зарарсизлантириш бўйича замонавий тизим йўлга қўйилмоқда. Бироқ амалда мазкур механизм тўлиқ қувватда ишламаяпти. Бунга айрим тиббиёт муассасаларида ҳосил бўлаётган хавфли чиқиндиларнинг инвесторга белгиланган тартибда етказиб берилмаётгани сабаб бўлмоқда.
Масалан, Тошкент шаҳрида ўрнатилган 2 та ускунанинг умумий кунлик қуввати 12 тоннани ташкил этади. Аммо амалда уларга бир кунда атиги 3 тонна тиббий чиқинди етказиб берилмоқда. Яъни ускуналар ўз қувватининг бор-йўғи 25 фоизида ишламоқда.
Махсус комиссия томонидан 2026 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган ўрганишларда Тошкент шаҳрида жами 3 239,05 куб метр тиббий чиқинди олиб чиқилгани аниқланган. 16-сонли клиник шифохона — 1 795,40 куб метр, 3-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси — 445,44 куб метр, Вирусология ИТИ клиникаси — 382 куб метр бўлиб, энг кўп тиббий чиқинди ҳосил қилган муассасалар эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Республика болалар фтизиатрия ва таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация маркази, Дерматовенерология ва косметология марказининг Тошкент шаҳри филиали, 1-сонли юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Тери-таносил касалликлари шифохонасида тиббий чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилмагани аниқланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тиббий чиқиндиларни оддий маиший чиқиндилар қаторида ташлаш инфекция тарқалиши, одамларнинг заҳарланиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши каби хавфларни юзага келтириши мумкин.
Аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, Республика махсус комиссияси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тиббий чиқиндилар билан ишлашдаги қонунбузилишларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари республика бўйлаб давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА