Тошкент шаҳри клиникаларида рецептни қоғоз шаклида расмийлаштириш давом этаётгани танқид қилинди
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адиловнинг Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унга қарашли тиббиёт муассасалари раҳбарлари билан ўтказган мулоқотида шу йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар танқидий муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, соҳада қатор камчиликлар кузатилган. Буни шу йилнинг 6 ойида шифохоналарга ётқизиш ҳолатларининг 15 фоизида асоссиз госпитализация, 11 фоизида полипрагмазия, клиник протоколлар ва даволаш стандартларига риоя этмаслик ҳамда 17 фоизида қўшиб ёзиш аниқлангани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шунингдек, мулоқотда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишлар чуқур таҳлил қилинаркан, туғруқ муассасаларидаги коррупциявий ҳолатлар кескин танқид остига олинди. Шифокорларнинг беморларга муомала маданияти, турли бюрократик ҳолатларга йўл қўйилаётганлиги аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди. Бундай хатти-ҳаракатларни содир этган туғруқ муассасалари раҳбарлари фаолиятини ўрганиб, уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш топшириғи берилди.

Бундан ташқари, шу йилнинг биринчи ярмида мамлакатимиз бўйича электрон расмийлаштирилган 3 минг 130 дан зиёд рецептда шифокорлар изоҳ қисмига дори воситасининг савдо номини ёзиш ҳолатлари аниқланган ва шундан 54 фоизи пойтахт ҳиссасига тўғри келган.
– Олис ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ҳам рақамлаштириш жадал йўлга қўйилаётган бир пайтда Тошкент шаҳри клиникаларида рецептни қоғоз шаклида расмийлаштириш давом этаётгани, айниқса, ачинарлидир, – деди вазир.
Тадбирда кафолатланган тиббий хизматлар пакетини дори воситалари билан таъминлаш 80, лаборатор текширувлар 90 ва диагностик текширувлар 86 фоизни ташкил этгани кўрсатиб ўтилди.
Айниқса, дори воситалари билан таъминлаш Сергели, Янгиҳаёт, Бектемир ва Мирзо Улуғбек туманларида бор-йўғи 50 фоизга етгани жиддий камчилик сифатида баҳоланди.

Шунингдек, мулоқотда Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури ижросида сусткашликка йўл қўйилаётгани айтилди.
Мулоқотда масъулларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бўлими томонидан 6 ой давомида 197 та давлат тасарруфидаги тиббиёт муассасасида ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган камчиликларни ҳал этиш бўйича вазифалар юклатилди.
Якунда мутасаддиларга кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди, дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.
Моҳигул Қосимова, ЎзА