Халқаро китоб кўргазмасида ўзбек адабиётига юксак эҳтиром кўрсатилди
Замонавий дунёда жамиятлар тараққиёти фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан белгиланмайди. Бунда маънавий-маданий салоҳият ва алоқалар ҳам ҳисобга олинади.
Китобхонлик маданиятининг юксалиши, адабиётга бўлган эҳтиром миллатнинг келажакни кўра билиш қобилиятини ўстиради. Шу маънода, халқаро майдондаги адабий мулоқотлар глобал замонда ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Eurasian Book Fair – 2026” халқаро китоб кўргазмаси ана шундай эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди. Нуфузли анжуманда ўзбек адабиётининг дурдоналари, хусусан, марҳум шоир Чори Авазнинг қозоқ тилида чоп этилган “Юрак мавсуми” шеърий тўплами илк бор кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Тақдимот маросимида иштирок этган адабиёт ва санъат намояндалари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда жамоат арбоблари ушбу китобнинг нашр этилишини икки халқ қалбини янада яқинлаштирувчи муҳим адабий воқеа сифатида баҳоладилар. Таъкидлаш жоизки, бу каби лойиҳалар мамлакатларимиз ўртасидаги маданий дипломатияни янги босқичга кўтаради. Адабиёт орқали ўрнатилган мулоқот иқтисодий ва сиёсий алоқаларга нисбатан чуқурроқ, самимийроқ ва барқарорроқ самара беради.
Чори Аваз ижоди миллий руҳиятнинг дилгир ва соф манзарасидир. Шоирнинг қисқа, аммо мазмунга бой умри давомида битган сатрлари эндиликда таржима орқали қардош қозоқ халқининг ҳам маънавий мулкига айланмоқда. Тадбирда сўз олганлар “Юрак мавсуми” нафақат адабий таржима, балки икки эл ўртасидаги руҳий ҳамоҳанглик ифодаси эканини алоҳида қайд этдилар.
Зеро, чинакам санъат чегараларни билмайди, у инсон қалбининг энг нозик торларини чертиш орқали халқларни бирлаштиради.
ЎзА