Танлов ғолиблари аниқланди
Сирдарё вилояти Ширин шаҳри Ёшлар марказида умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокида “Иқтидорли мактаб ансамбли” республика танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Тадбир ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш ҳамда мактаб ўқувчилари ўртасида санъатга бўлган қизиқишни ошириш мақсадида ташкил этилди.
Танловда шаҳардаги умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчиларидан ташкил топган ижодий жамоалар иштирок этиб, ўзларининг мусиқий ижоди, саҳна маданияти ва жамоавий ижро маҳоратини намойиш этдилар. Улар миллий ва замонавий мусиқа асарларини ижро этиб, бадиий ифода, саҳна одоби ҳамда жамоавий уйғунлик бўйича беллашдилар.

Иштирокчиларнинг ҳар бир чиқиши йиғилганларда катта қизиқиш ва ижобий таассурот уйғотди. Танлов жараёнлари ёшларнинг ижодий изланишга бўлган интилишини яна бир бор намоён этди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Ширин шаҳри 1-умумтаълим мактабининг “Нолалар” жамоасига насиб этди. 2-ўрин 2-мактабнинг “Иқтидор навоси” жамоасига, 3-ўрин эса 3-мактабнинг “Наво” жамоасига берилди.

Ғолиб ва фаол иштирок этган жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Танловда биринчи ўринни қўлга киритган “Нолалар” жамоаси эса вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ғулом Примов, ЎзА