Сирдарёлик депутат “Энг фаол депутат” танлови ғолиби бўлди
Сирдарё вилоятидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси маҳаллий Кенгаши депутати,Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган республика босқичида “Энг фаол депутат” кўрик-танлови ғолиби деб топилди. У умумий баллар натижасига кўра энг юқори кўрсаткични қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи ўрин Жиззах вилоятидан Баҳром Ҳамроқулов ва Тошкент шаҳридан Санжар Собиржоновга, учинчи ўрин эса Бухоро вилоятидан Олим Бақоев, Навоий вилоятидан Гулшанда Бобомуродова ҳамда Фарғона вилоятидан Облоберди Олимовга насиб этди.

Ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, танловда фаол иштирок этган депутатлар “Энг шижоатли депутат”, “Ташаббускор депутат”, “Энг меҳнаткаш депутат”, “Йилнинг энг халқпарвар депутати”, “Энг адолатли депутат”, “Йилнинг энг яхши депутат аёли”, “Янги қонунларга фаол таклиф берувчи депутат” ҳамда “Партия ғояларини энг фаол тарғиб қилувчи депутат” номинациялари бўйича рағбатлантирилди.
“Кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишга интиламиз!” шиори остида ташкил этилган танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар босқичида ғолиб бўлган 14 нафар депутат иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади маҳаллий Кенгаш депутатлари ўртасида тажриба алмашишни кучайтириш, аҳоли мурожаатларини ҳал этиш самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш ҳамда партия дастурий вазифаларини амалга оширишда фаолликни оширишдан иборат экани таъкидланди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, депутатлар жамиятда ҳурмат қозонган, тажрибали ва фидойи фуқаролар орасидан сайланиб, ўз сайловчилари манфаатларини ифода этади.

– Ушбу танлов депутатлар ўртасида тажриба алмашиш, фаолликни ошириш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда янги ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади. Бу эса маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга туртки беради, – дейди Азизбек Раҳмонов.
Ғулом Примов, ЎзА