Футзал: Истиқболли режалар белгилаб олинди
Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари ҳамда терма жамоа мураббийлари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда тижорат мусобақаларида рухсатсиз иштирок этган футзалчилар ва мураббийларга чора кўриш вазифаси топширилди. Ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларига янги бош мураббийлар тайинланди.
Кун тартибига биноан дастлаб истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди. ЎФФ бош котиби ва департамент раҳбарларининг амалга оширилган ишлар юзасида ҳисоботлари тингланди. Мамлакат миллий чемпионатининг ҳал қилувчи турларига тайёргарлик жараёни, биринчи лига мусобақаси якунлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда Ўзбекистон футзал ассоциацияси президенти Бекзод Маматқулов миллий терма жамоанинг янги бош мураббий Хосе Мария Мендес атрофида ишларни тизимли ташкил этиш, муносиб ўринбосарлар тайёрлаш жараёнини энг кичик ёш тоифаларидан бошлаш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, 2029 йили Ўзбекистонда ўтадиган Осиё ўйинларига иқтидорли ёшларни саралаб олиш, уларни терма жамоа сифатида шакллантириш орқали юқори натижалар учун курашиш лозимлиги қайд этилди.
Терма жамоа бош мураббийи Хосе Мария Мендес ўтказилган илк йиғин хусусида тўхталиб, Ўзбекистон азалдан истеъдодлар юрти эканини, жаҳон миқёсида юқори натижаларга эриша оладиган иқтидорли ўйинчилар етарлилигини, уларни тўғри йўналтириш муҳимлигини билдирди.
Йиғилиш давомида миллий терма жамоа йиғинига айрим ўйинчилар ва мураббийларнинг масъулиятсиз муносабати кескин танқид қилинди. Хусусан, яқин хорижда ўтказилаётган тижорат турнирларида иштирок этишни Ватан шаънидан устун қўйиш ҳолатлари мухлислар ва мутахассислар норозилигига сабаб бўлаётгани айтилди.

Муҳокамалар ва билдирилган фикрлар асосида Ўзбекистон футзал федерацияси терма жамоалар департаменти бошлиғи Рустам Зуфаров бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод этилди. Ушбу лавозимга Дилшод Раҳматов тайинланди.
Мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш департаментига жорий мавсумда хорижда ўтган тижорат мусобақаларида рухсатсиз иштирок этган футзалчилар ва мураббийлар рўйхатини шакллантириб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Константин Свиридовнинг ўрнига Нодир Элибоев тайинланган бўлса, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасида Шуҳрат Тожибоев бош мураббий сифатида иш олиб бориши эълон қилинди.
Йиғилиш якунида миллий чемпионатнинг ҳал қилувчи турларини юқори савияда ташкил этиш, ғолиб ва совриндорларни муносиб тақдирлаш, тарғибот ишларини кучайтириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Т.Рўзиев,
ЎзА