Навоийдаги бурилиш: “Сўғдиёна”нинг илк ғалабаси
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тури доирасида Навоий шаҳрида бўлиб ўтган “Қизилқум” — “Сўғдиёна” учрашуви жамоалар учун ўзига хос синовга айланди. Мавсумни муваффақиятсиз бошлаган жиззахликлар айнан шу баҳсда ўз имкониятларини намоён этиб, 3:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.
“Ёшлар” спорт мажмуасида кечган учрашувда меҳмонлар ўйинни анча фаол бошлади. Илк гол 29-дақиқада мезбонлар ҳимоячиси Бобомурод Бозоровнинг ўз дарвозабонига тўп узатишдаги қўпол хатосидан унумли фойдаланган меҳмонларнинг македониялик легионери Люпчо Дориев томонидан киритилди — 0:1.

Орадан кўп ўтмай, 41-дақиқада меҳмонларнинг Черногория давлатидан келган легионери Фейсал Мулич жамоа сардори Люпчо Дориевнинг аниқ ва ўйланган узатмасидан сўнг рақиб ҳимоясидаги бўшлиқдан усталик билан фойдаланиб, ҳисобни 0:2 кўринишига олиб келди. Бу эса биринчи бўлимни жиззахликлар фойдасига ҳал этди.

Иккинчи таймда ҳам “Сўғдиёна” устунликни қўлдан бой бермади. 61-дақиқада Отабек Жўрақўзиевнинг аниқ зарбаси ҳисобни йириклаштирди — 0:3.

Майдон эгалари фақат 71-дақиқада Самандар Шукуруллаев орқали жавоб голини киритишга муваффақ бўлди — 1:3. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади.
Статистик жиҳатдан ҳам меҳмонлар устунлик қилди: тезкор қарши ҳужумлар, марказдаги фаоллик ва қанотлар орқали уюштирилган босим ўйин тақдирини белгилаб берди. Айниқса, дарвозабон Шоҳруҳ Исоқовнинг ҳаракатлари жамоа ғалабасида муҳим омил бўлди.

Ўйиндан сўнг “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев ғалабанинг калити сифатида жамоанинг руҳий тайёргарлиги ва интизомини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, аввалги учрашувларда йўқотилган очколар футболчиларда психологик босим юзага келтирган, шу боис бу гал, аввало, жамоани руҳан тиклашга эътибор қаратилган.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ғалаба “Сўғдиёна” учун мавсумдаги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. Чунки жамоа нафақат уч очкога эга бўлди, балки ўз ўйинига бўлган ишончни ҳам қайта тиклади. Энди асосий вазифа — ушбу натижани барқарор давом эттириш.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири