Спортчилар учун яратилган шароитлар ўрганилди
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев Андижон вилоятида бўлиб, вилоятда паралимпия спорт турларини ривожлантириш, спортчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда паралимпия спорт турларини ривожлантириш, ушбу йўналишда спортчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, ўз имкониятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада параспортчилар томонидан нафақат мамлакат, балки халқаро миқёсда қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи йилдан-йилга ортмоқда.


Миллий паралимпияқўмитаси раиси Андижон вилоятига ташрифи доирасида Андижон шаҳридаги қиличбозлик мажмуаси ҳамда Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб, мазкур масканларда спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.


Шунингдек, спорт таълим муассасаларида паралимпия йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳамда уларнинг мураббийлари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Мулоқотда спортчиларнинг турли нуфузли мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари, эришилаётган натижалар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда паралимпия спортини янада ривожлантириш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни профессионал спортга йўналтириш бўйича мутасадди ва масъулларга таклиф ва тавсиялар берилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.