Францияда сув танқислиги кучайди: 70 фоиз ҳудудда чеклов
Францияда қурғоқчилик кучайиб, мамлакат ҳудудининг қарийб 70 фоизида сувдан фойдаланиш чекланди. 9 август ҳолатига кўра, мамлакатдаги 101 департаментнинг 67 тасида энг юқори инқироз даражасидаги огоҳлантириш эълон қилинган. Бу ҳудудларда сув асосан ичимлик таъминоти, тиббиёт, фуқаро муҳофазаси ва санитария эҳтиёжига ажратилмоқда.
Сўнгги уч ойдаги бир неча кучли иссиқ тўлқин вазиятни яна оғирлаштирди. Июль ойи Франция тарихидаги энг иссиқ ой бўлди: ёғингарчилик миқдори меъёрдан қарийб 70 фоиз камайди. Геология ва кончилик тадқиқоти бюроси маълумотига кўра, мамлакат аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайдиган ер ости сув захирасининг учдан икки қисми одатий кўрсаткичдан пастга тушган.
Чеклов даражаси сув танқислигига қараб фарқланади. Энг оғир ҳолатдаги ҳудудларда сув фақат устувор эҳтиёжга берилади. Бошқа ҳудудларда эса боғ суғориш, ҳовуз тўлдириш, автомобиль ювиш ва қишлоқ хўжалиги экинини суғориш чекланган. Экология вазири Моник Барбю маълум қилишича, айрим ҳудудларда сув етишмовчилиги аллақачон 30 000 дан кўп одамга таъсир қилган. Уларга сув авто цистерна ёки махсус идишда етказилмоқда.
Ҳукумат чоршанба куни қурғоқчилик бўйича инқироз йиғилиши ўтказади. Айни пайт мамлакат жануби-шарқида ҳарорат 35 даражагача кўтарилиши кутиляпти. Қурғоқчилик Францияда нафақат экологик, балки сиёсий масалага ҳам айланмоқда. Захирани бошқариш усуллари президентлик сайлови олдидан муҳокама қилинаётган асосий мавзуга айланиб, сиёсатчилар сув танқислигига қарши турли таклифлар илгари сурмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА