Трамп саҳифасини биринчи кўриш ойига 100 минг долларга тушади
“Trump Media” компанияси “Truth API” тизимига 10 дан ортиқ мижоз қўшилди. Август ойи бошида ишга тушган ушбу хизмат "Wall Street" даги трейдерларга "Truth Social" тармоғидаги энг таъсирли аккаунтлар постини тезроқ олиш имконини беради. Хизматдан кўпроқ фойдаланаётган юқори частотали савдо фирмаларига бундай имконият бир ой учун 60-100 минг долларга тушяпти.
“Trump Media” тузилмаси вақтинча раҳбари Кевин МакГёрн айтишича, “Truth API” компания учун янги ва барқарор даромад манбаига айланиши кутиляпти. “Трамп Truth Social” орқали тез-тез муҳим баёнотлар беради. Шу боис, унинг постларига эртароқ эга бўлиш молиявий бозор иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Компания июль ойида “Wall Street” фирмалари ва институционал инвесторларга шундай имконият таклиф қилиш режасини маълум қилган эди.
Мазкур хизматнинг пайдо бўлиши ҳуқуқий ва ахлоқий баҳсга ҳам сабаб бўлди. Гап шундаки, Президент оиласи асосий акциядор бўлиб турган компания унинг оммавий баёнотларини бозор иштирокчиларига тезроқ етказиш орқали даромад олиши қанчалик тўғри? “Trump Media” эса технология компаниялари, ахборот ташкилотлари ва букмекерлик бозори билан ҳам ҳамкорлик имкониятини ўрганмоқда.
Бу ташаббус компания мислсиз зарар кўрган даврга тўғри келди. Апрель-июнь ойларида “Trump Media” 238 миллион доллар йўқотди. Бу ўтган йилнинг шу давридагидан 10 баробар кўп. 1,7 миллион долларлик тушум йиллик ҳисобда 89 фоиз ошган. Иккинчи чорак якунида умумий маблағ 2 миллиард, молиявий актив эса қарийб 1,9 миллиард долларни ташкил этган. Компания крипто валюта ва тоза энергия каби йўналишларга ҳам сармоя киритмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА