Фарғона вилояти халқаро “Барқарор” рейтингига эга бўлди
Муносабат
Бугунги глобал иқтисодий жараёнларда ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлиги, молиявий барқарорлиги ва иқтисодий салоҳияти халқаро рейтинглар орқали баҳоланмоқда. Бу эса мамлакат ва ҳудудлар учун нафақат иқтисодий, балки стратегик аҳамиятга ҳам эга. Кейинги йилларда мамлакатимизда Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ҳудудларнинг имкониятларини юзага чиқариш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида Фарғона вилоятининг халқаро “Fitch Ratings” агентлиги томонидан “BB-” даражасидаги “Барқарор” истиқболли рейтинг билан баҳоланиши муҳим воқеалардан бири бўлди.
Мазкур рейтинг оддий статистик кўрсаткич эмас. У ҳудуднинг иқтисодий қудрати, молиявий интизоми, инвестицион жозибадорлиги ҳамда келгусидаги барқарор ривожланиш имкониятларига берилган халқаро ишонч ифодасидир. Айниқса, бу каби эътирофлар хорижий инвесторлар учун ҳудуднинг ишончли иқтисодий ҳамкор сифатида шаклланаётганини англатади.

Сўнгги йилларда Фарғона вилоятида саноат, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг 8,1 фоизга ўсгани, саноат ишлаб чиқаришининг 7,3 фоизга ортгани иқтисодиётнинг реал секторларида барқарор ўсиш кузатилаётганини кўрсатади. Қурилиш соҳасидаги 17,5 фоизлик ўсиш эса ҳудудда кенг кўламли инфратузилма ва бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётганидан далолат беради.
Бугун вилоятда янги саноат корхоналари, замонавий турар жойлар, хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилмоқда. Бу эса нафақат иқтисодий фаолликни оширмоқда, балки аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти.
Айниқса, экспорт ҳажмининг қарийб 30 фоизга ошгани Фарғонанинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги тобора мустаҳкамланаётганини англатади. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган саноат ва кимё маҳсулотларининг халқаро бозорларда харидор топаётгани ҳудуднинг экспорт салоҳияти ортиб бораётганини яққол намоён этмоқда.
“Барқарор” истиқболнинг берилиши келгуси йилларда ҳам ижобий иқтисодий тенденциялар сақланиб қолиши кутилaётганини англатади. Бу эса инвесторлар учун энг муҳим мезонлардан бири ҳисобланади. Зеро, халқаро бизнес вакиллари биринчи навбатда иқтисодий барқарорлик, молиявий интизом ва хавфсиз инвестицион муҳитга эътибор қаратади.
Ҳозирги кунда вилоятда 37 мингдан ортиқ корхона ва ташкилот фаолият юритаётгани тадбиркорлик муҳити тобора яхшиланаётганини кўрсатади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат зоналарини кенгайтириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳудуднинг узоқ муддатли иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мутахассислар фикрича, халқаро рейтингнинг мавжудлиги хорижий инвестициялар оқимини кенгайтириш, замонавий технологияларни жалб этиш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса ўз навбатида аҳоли турмуш даражаси ва ижтимоий фаровонликнинг янада ошишига хизмат қилади.
Фарғона вилоятининг халқаро молиявий майдонда эътироф этилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда. Энг муҳими, бу ютуқ ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилаш ва Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар тўғри йўлда эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Дарҳақиқат, “Барқарор” рейтинг – бу шунчаки молиявий баҳо эмас. У эртанги тараққиётга, иқтисодий барқарорликка ва халқ фаровонлигига берилган халқаро ишонч тимсолидир.
Зилола Салимжонова,
Фарғона давлат университети
ўқитувчиси.
ЎзА