“Фарғона экспо” – инвестиция ва ҳамкорлик майдони
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳрида ташкил этилган “Фарғона экспо” халқаро кўргазмалар маркази вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада кенгроқ намойиш этиш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, экспорт фаолиятини рағбатлантириш ҳамда инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Марказ нафақат кўргазма майдони, балки тадбиркорлар ва сармоядорлар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминловчи замонавий мулоқот платформаси сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
Беш гектар майдонда барпо этилган мажмуада 200 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи корхона маҳсулотларини намойиш этиш учун кенг имкониятлар яратилган.
Саккиз қаватли янги бинода дастлабки икки қават савдо, инвестиция ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган ташкилотлар фаолияти учун ажратилган. Қолган қаватлар эса инвесторлар ва бизнес вакиллари учун офис майдонлари сифатида таклиф этилмоқда.
[gallery-29737]
Марказда йил давомида 15 та йўналиш бўйича доимий кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилиши режалаштирилган. Бу давлат ташкилотлари, ишлаб чиқарувчилар, экспортчилар ва инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА