ID-карта муаммоси: 2027 йил бюджетига таклиф
Маълумотларга кўра, юртимизда ҳар йили ўртача 450 минг нафар ёш 16 ёшга тўлади ва биринчи марта ID-карта олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Амалдаги тартибга кўра, ID-карта олиш учун ўртача давлат божи 330 минг сўмни ташкил этади. Шу асосда ҳисобланганда бир йилда ушбу ёшлар учун умумий харажат 148,5 миллиард сўм атрофида шаклланади.
Бугунги кунда 16 ёшга тўлган ёшларнинг бир қисми ID-картани ўз вақтида ололмаслигининг асосий сабабларидан бири молиявий имкониятлар билан боғлиқ.
Айниқса, кам таъминланган оилалар фарзандлари, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи ёшлар учун 300 минг сўмдан ортиқ тўлов сезиларли юклама ҳисобланади. Натижада ҳар йили минглаб ёшлар ID-картани кечиктириб олади ёки ҳужжатлаштириш жараёнини ўз вақтида якунлай олмайди.
Бу ҳолат фақат ҳужжат масаласи билан чекланиб қолмайди. ID-карта бу олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш, ишга жойлашиш, меҳнат шартномаси тузиш ҳамда давлат ва электрон хизматлардан фойдаланиш учун асосий ҳужжат ҳисобланади.
Шу сабабли ID-картага эга бўлмаган ёшлар олий таълим муассасасига кириш жараёнида, ишга жойлашиш ва расмий тизимларга киришда қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Бу эса уларнинг ўз йўлини топиши, касб танлаши ва мустақил ҳаётга кириб боришига маълум даражада тўсиқ бўлиб хизмат қилади. Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, ушбу муаммо ҳар йили такрорланади.
Ҳар йили янги 450 минг нафар ёш ушбу жараёнга кириб келади ва уларнинг маълум қисми молиявий сабаблар туфайли ҳужжатни кечиктириб олади. Натижада тизимли равишда ҳужжатлаштириш жараёнида узилишлар юзага келади ва ёшларнинг давлат хизматларига тўлиқ интеграцияси секинлашади.
– Шу нуқтаи назардан, 2027 йил Давлат бюджетида “ID-карта олишга субсидия” дастурини жорий этиш ташаббусини билдираман, – дейди Халқ депутатлари Тошкент вилояти депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи
Мухсиддин Низомиддинов. – Ушбу ташаббусга кўра, 16 ёшга тўлган барча фуқароларнинг биринчи ID-карта олиш харажатлари давлат томонидан қисман ёки тўлиқ қопланади. Агар субсидия тўлиқ жорий этилса, 450 минг нафар ёш учун 148,5 миллиард сўм давлат бюджетидан қопланади ва фуқаролар учун молиявий тўсиқ бутунлай бартараф этилади.
Бу эса барча ёшларнинг биринчи ID-карта билан тўлиқ қамраб олинишига хизмат қилади. Шунингдек, босқичма-босқич чегирма тизими ҳам кўриб чиқилиши мумкин бўлади.
Жумладан, 10 фоизлик чегирма жорий этилганда 1 нафар учун тўлов 297 000 сўмни ташкил этади ва умумий харажат 133,65 миллиард сўм бўлади. 20 фоизлик чегирмада 1 нафар учун тўлов 264 000 сўм бўлиб, умумий харажат 118,8 миллиард сўмга тенг бўлади. 30 фоизлик чегирма жорий этилганда эса 1 нафар учун тўлов 231 000 сўмни ташкил этади ва умумий харажат 103,95 миллиард сўм бўлади.
Узоқ муддатли истиқболда ушбу ташаббус фақат ижтимоий ёрдам эмас, балки стратегик инвестиция сифатида ҳам баҳоланади. Чунки ID-картага эга бўлган ёшлар олий таълим муассасасига кириш, ишга жойлашиш ва расмий иқтисодиётга интеграция жараёнида тезроқ ва самаралироқ ҳаракат қилади. Бу эса меҳнат бозорининг фаоллашуви, таълим имкониятларининг кенгайиши ҳамда ижтимоий тенгликнинг мустаҳкамланишига олиб келади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА