Фарғона давлат техника университети халқаро аккредитациядан ўтди
Мамлакатимизда олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, таълим сифати ва рақобатбардошлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Ана шундай изчил ишлар натижасида Фарғона давлат техника университетининг 4 та бакалавриат таълим дастури Европадаги нуфузли аккредитация ташкилотларидан бири — ASIIN томонидан муваффақиятли аккредитациядан ўтказилди.
Жумладан, “Қурилиш муҳандислиги”, “Геодезия ва геоинформатика”, “Муҳандислик коммуникациялари қурилиши ва эксплуатацияси” ҳамда “Архитектура” таълим йўналишлари халқаро баҳолаш жараёнида ижобий натижа кўрсатди.

Мазкур натижа университетда таълим сифатини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича олиб борилган тизимли ишлар самарасидир.
Аккредитация жараёни бир неча босқичда амалга оширилди. 2025 йил баҳорида халқаро ташкилотлар билан музокаралар ўтказилиб, ASIIN билан шартнома имзоланди. Шундан сўнг университет профессор-ўқитувчилари томонидан ички баҳолаш ҳисоботи тайёрланди. Жорий йил январь ойида хорижий экспертлар университетга ташриф буюриб, жойида баҳолаш ўтказди.

Жараён давомида таълим сифати, бошқарув тизими, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, моддий-техник база ҳамда битирувчиларнинг билим даражаси комплекс равишда ўрганилди. Якуний хулосага кўра, барча дастурлар халқаро талабларга тўлиқ мос деб топилди.

Шу билан бирга, университет QAA томонидан институционал аккредитациядан ўтиш жараёнини ҳам давом эттирмоқда. Ҳозирга қадар ушбу жараённинг икки босқичи муваффақиятли якунланиб, учинчи босқич давом этмоқда.
Мазкур халқаро аккредитация ва институционал баҳолаш жараёнлари Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА