Эски автомобилларни утилизация қилиш тизими: экологик хавфга қарши янги қадам
Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши тобора долзарб муаммога айланиб бормоқда.
Айниқса, шаҳарларда транспорт воситалари сонининг кескин ортиши ҳаво сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар фикрича, эски ва экологик талабларга жавоб бермайдиган автомобиллар зарарли чиқиндиларнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади.
Шу боис, мамлакатда ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситаларини босқичма-босқич утилизация қилиш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Янги тартиб нафақат экологик вазиятни яхшилаш, балки иқтисодий ва ижтимоий самарадорликка эришишни ҳам кўзда тутади.
Нега бугун утилизация масаласи долзарб?
Сўнгги йилларда мамлакат аҳолиси сони ва автомобилларга бўлган талаб сезиларли даражада ошди. Хусусан, Тошкент шаҳрида ҳар куни қарийб 600 мингга яқин транспорт воситаси ҳаракатланади. Бу эса ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар миқдорининг ортишига олиб келмоқда.
Эски автомобиллар янги транспорт воситаларига нисбатан кўпроқ ёнилғи сарфлайди ва атмосферага карбонат ангидрид, азот оксидлари ҳамда бошқа зарарли моддаларни кўп миқдорда чиқаради. Натижада ҳаво сифати ёмонлашиб, аҳоли саломатлигига хавф туғилади.
Халқаро тажриба нимани кўрсатмоқда?
Бугунги кунда дунёнинг 60 дан ортиқ давлатида эски автомобилларни утилизация қилиш тизими самарали йўлга қўйилган. Франция, Германия, Япония, АҚШ ва Буюк Британия каби мамлакатларда фуқароларни эски автомобиллардан воз кечишга рағбатлантириш учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган.
Масалан, Германияда “Утилизация учун мукофот” дастури орқали эски автомобилни топшириб, янги машина сотиб олган фуқароларга давлат томонидан имтиёзлар берилган. Европа шаҳарларида эса экологик талабларга жавоб бермайдиган транспорт воситалари учун қўшимча тўловлар ва ҳатто ҳаракатланиш чекловлари жорий этилган.
Бу тажриба эски автомобиллардан босқичма-босқич воз кечиш нафақат экологик, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини оқлашини кўрсатади.
Ўзбекистонда қандай тартиб жорий этилади?
Янги тизимга кўра, ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ вақт бўлган автомобиллар эгаларидан бозор баҳосида сотиб олинади ва утилизацияга юборилади.
Автомобиль эгаларига эса янги автомобиль сотиб олиш учун электрон ваучер бериш ёки ваучер қийматини пул кўринишида тақдим этиш каби икки хил имконият таклиф этилади.
Электрон ваучер орқали маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобилларни имтиёзли шартларда харид қилиш мумкин бўлади. Шу билан бирга, қолган маблағни бир йилдан ортиқ муддат давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади.
Экологик компенсация ҳам жорий этилади
Янги тартибда эски автомобилларни ўз вақтида утилизацияга топширмаган фуқаролар учун экологик компенсация тўлови ҳам назарда тутилмоқда. Унга кўра, автомобиль эгалари ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида тўлов амалга ошириши мумкин.
Бу механизм фуқароларни экологик жиҳатдан хавфли транспорт воситаларидан воз кечишга ундашга хизмат қилади.
Утилизациянинг иқтисодий аҳамияти
Эски автомобилларни утилизация қилиш фақат ҳавони муҳофаза қилиш билан чекланмайди. Автомобиль таркибидаги металл, пластмасса ва шиша каби материалларни қайта ишлаш орқали иқтисодиётга қайта жалб қилиш имкони пайдо бўлади.
Шунингдек, чиқиндилар ҳажми камаяди, янги хомашё сарфи қисқаради, қайта ишлаш саноати ривожланади, янги иш ўринлари яратилади, йўл ҳаракати хавфсизлиги яхшиланади.
Эски автомобилларни утилизация қилиш тизимини жорий этиш Ўзбекистон учун экологик барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши мумкин. Бу ташаббус ҳаво сифати яхшиланиши, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва замонавий “яшил иқтисодиёт” тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Табиатни асраш ҳар бир инсоннинг масъулияти. Атроф-муҳитга эҳтиёткор муносабат ва экологик маданиятни юксалтириш эса келажак авлодлар учун соғлом ва мусаффо муҳит яратишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА