Сайёр қабулда таълим соҳасига оид мурожаатлар кўриб чиқилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ҳамда таълим тизимидаги долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Қабул давомида мактабгача ва мактаб таълими тизимига оид қарийб 40 та мурожаат атрофлича кўриб чиқилди. Фуқаролар томонидан ишга жойлашиш, таълим сифати, педагоглар фаолияти ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Мурожаатларнинг 16 таси жойида ижобий ҳал этилди. Айрим масалалар бўйича эса амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди.
Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
[gallery-30040]
Таъкидланганидек, бундай сайёр қабуллар фуқароларнинг таълим соҳасига оид муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш ҳамда таълим тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА