Эртанги ҳосил тақдири бугунги уруғдан бошланади
Қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги аввало сифатли уруғликдан бошланади.
Айни кунларда Туркманистонда уруғчилик масалалари бўйича Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг Ҳукуматлараро мувофиқлаштирувчи кенгашининг 27-йиғилиши ҳамда халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Жорий йил 6–8 октябрь кунлари ўтказилаётган тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев ҳамда вазирлик ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Шуҳрат Отажонов иштирок этмоқда.
Йиғилишда МДҲ давлатлари ўртасида аграр ҳамкорликни чуқурлаштириш, замонавий селекция ва уруғчилик тизимларини ривожлантириш, нав ва дурагайларни давлатлараро етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди

Хусусан, селекция навлари ва дурагайлари, мева-резавор экинлар ҳамда узум уруғларини давлатлараро ихтисослаштириш ва етказиб бериш тўғрисидаги битим лойиҳаси кўриб чиқилиб, маъқулланди. Шунингдек, 2027–2028 йилларга мўлжалланган уруғ ва кўчатларни давлатлараро ихтисослаштириш ҳамда етказиб бериш бўйича амалий механизмлар келишиб олинди.
Халқаро конференцияда иқлим ўзгариши шароитида қурғоқчилик, касалликлар ва маҳаллий иқлимга чидамли, юқори ҳосилдор уруғ навларини яратиш ҳамда амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, уруғчилик соҳасини рақамлаштириш, сифат назоратини кучайтириш, қўшма лойиҳалар ва тажриба майдонларини ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг уруғчилик соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий тизимни халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда “Uzbek seeds” миллий бренди остида маҳаллий уруғлик материаллари экспортини ошириш механизмлари бўйича ҳам келишувларга эришилди.
Зеро, бугун уруғчилик соҳасида йўлга қўйилаётган ҳамкорлик эртанги ҳосил тақдирига бевосита таъсир қилади. Сифатли ва иқлимга мос уруғ навларини яратиш, уларни кўпайтириш ва фермерларга етказиб бериш нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА