“Энг яхши фотосурат” танлови ғолиблари тақдирланди
Тошкент Фотосуратлар уйида “Энг яхши фотосурат” республика ижодий танлови якунларига бағишланган фотокўргазма очилиши ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Мамлакатимизда фото санъатини ривожлантириш, миллий қадриятлар ва маънавий меросни тарғиб этишга қаратилган мазкур лойиҳа фотосуратчилар, санъатшунослар, маданият ва оммавий ахборот воситалари вакилларини бир майдонга жамлади.
Танлов Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Журналистлар уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги ҳамда Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида ташкил этилди. Лойиҳа миллий байрамлар, халқ анъаналари, оилавий қадриятлар, тинчлик ва тотувлик муҳитини фото санъати воситасида кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ижодкорларнинг бадиий изланишларини қўллаб-қувватлаш мақсадига қаратилган.
[gallery-29767]
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан профессионал фотосуратчилар, мустақил ижодкорлар ҳамда фото санъатига қизиқувчи ёшлар танловга ўз ижодий ишини тақдим этди. 23 нафар муаллифнинг 164 та фотоасари танлов низомида белгиланган талаблар асосида баҳоланиб, унда мавзунинг бадиий ва мазмунан очиб берилиши, композицион ечими, ижодий ёндашуви ҳамда техник маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.
Фотокўргазма экспозициясидан ўрин олган асарларда миллий байрамларимизнинг ўзига хослиги, халқимизнинг бой урф-одат ва анъаналари, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятлар ўз аксини топган. Шунингдек, суратларда турли авлод вакилларининг ҳаёт тарзи, ёшлар тарбияси, меҳнаткаш инсонлар фаолияти ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси бадиий талқин этилган.
Кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари фотоасарлар орқали мамлакатимизнинг замонавий қиёфаси, тинч ва осойишта ҳаёти, халқимизнинг байрамларга бўлган юксак эҳтироми ҳамда миллий маданиятимизнинг бойлиги билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Тадбирнинг энг муҳим қисми – тақдирлаш маросимида ҳакамлар ҳайъати томонидан энг муносиб топилган ижодкорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Биринчи ўрин Зафар Рўзиқуловга, иккинчи ва учинчи ўринлар Владимир Гончаренко ва Мақcад Ҳабибуллаевга насиб этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда фото санъатини ривожлантириш, истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш авлоднинг эстетик диди ва маънавий дунёқарашини юксалтиришда бундай лойиҳаларнинг аҳамияти беқиёслигини таъкидлади. Фото санъати нафақат воқеликни акс эттирувчи восита, балки миллий ўзликни англаш, маданий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказишнинг муҳим ижодий йўналишларидан бири экани қайд этилди.
“Энг яхши фотосурат” республика ижодий танлови мамлакатимиз фотосуратчиларининг ижодий салоҳиятини намоён этиш, улар ўртасида соғлом ижодий рақобат муҳитини шакллантириш ва фото санъатининг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шу билан бирга, лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири сифатида фото санъатининг тарбиявий, маърифий ва эстетик имкониятларини яна бир бор намоён этди.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА