Музейга саёҳат таассуротларга бой бўлди
Мамлакатимизда ёшларни миллий қадриятлар, Ватан тарихи ва аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган “Музейлараро 90 кун” маънавий-маърифий экскурсиялар лойиҳаси ўтказилмоқда.
Мазкур лойиҳа Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади аҳоли, айниқса ёш авлоднинг Ватанимиз тарихи, тараққиёт босқичлари, мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, миллий ўзлик ва қадриятларимиз ҳақидаги билимларини бойитиш, юрт озодлиги ва тинчлиги йўлида фидокорона хизмат қилган қаҳрамонлар хотирасини абадийлаштириш ҳамда уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб қилишдан иборат.
[gallery-30060]
Лойиҳа доирасида маҳалла фаоллари, ёшлар, ўқувчилар, талабалар ва педагоглар Темурийлар тарихи давлат музейи, Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуаси, Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейига ташриф буюриб, миллий тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси, Ватан озодлиги учун курашган жасур ватандошларимиз хотираси, мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамламоқда.
Бугун мазкур лойиҳа доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўқувчилар учун пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейига экскурсия ташкил этилди.

Маърифий саёҳат давомида мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев мамлакатимизда ёш авлодни миллий истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик, фидойилик руҳида камол топтиришга катта эътибор қаратилаётганини, бу йўналишда турли маърифий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлади.
Саёҳат давомида болалар миллий ўзлик, бой тарихимиз, буюк аждодларимизга оид қизиқарли маълумотлардан баҳраманд бўлди. Музейга экскурсия ўғил-қизларда катта таассурот қолдирди.
Шу кунгача мазкур лойиҳа доирасида мактабларнинг 10 минг 500 нафар ўқувчиси пойтахтдаги етакчи музейларга экскурсия қилди.

90 кун мобайнида эса қарийб 150 минг нафар фуқарони қамраб олиш режалаштирилган. Жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 868 та маҳалладан 72 минг 450 нафар маҳалла аҳолиси, 61 минг 400 нафар мактаб ўқувчиси, 1 минг 250 нафар олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, талабалари, шунингдек, 6 000 нафар касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари лойиҳада иштирок этади.
“Музейлараро 90 кун” лойиҳаси ёшларда миллий ўзликни англаш, тарихий хотирага ҳурмат, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш, уларни эзгу мақсадлар сари руҳлантиришга хизмат қиладиган муҳим маънавий-маърифий ташаббус сифатида аҳамият касб этади.
Н.Усмонова, А.Алижонов (сурат), ЎзА