Фаол ёшлар эътироф этилди
Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги “Лочин” ўйингоҳида 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради” шиори остида гала-концерт дастури ташкил этилди.
Байрам аввалида марказий кўчалар бўйлаб ўзига хос машиналар карвони юриб ўтди.
Сўнг асосий тадбирлар “Лочин” ўйингоҳида давом эттирилди.

Тадбирда Учқудуқ тумани ҳокими Учқун Елмуратов иштирок этиб, бугунги кунда юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг билим олиши ва ўз иқтидорини намойиш этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Туман ёшлари 2025-2026 ўқув йилини катта муваффақиятлар билан якунлади. 447 нафар битирувчининг 5 нафари олтин, 2 нафари кумуш медаль билан мактабни тамомлади. 29 нафари миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритиб, энг юқори 189 балл тўплаган ҳолда муддатидан аввал талаба бўлди.
Байрамда фаол ва иқтидорли ёшлар, уларнинг ота-оналари туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Шунингдек, “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилган спорт мусобақалари ва беллашувлар ғолиблари, маҳалла ёшлари ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақаларида фахрли 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган жамоалар ҳамда спортчилар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Кенг жамоатчилик ва ёшлар жам бўлган тадбирда ёшларнинг билим ва салоҳиятини оширишга қаратилган “Заковат” лигаси ҳамда китобхонликни тарғиб этувчи “Бир ҳафтада бир китоб” лойиҳаси доирасидаги танловлар якунлари эълон қилинди.

Халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтараётган спортчилар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида дзюдо спорти тури бўйича ўтказилган халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, фахрли 3-ўринни қўлга киритган Зиёда Шомуродова ва Нозима Нормуродова муносиб тақдирланди.
Ёшлар учун ташкил этилган байрамона дастур хонандалар ва бадиий жамоаларнинг чиқишлари ҳамда кўнгилочар тадбирлар билан давом этди.
“Ёшлар куни”га бағишланган байрам тадбири ажойиб мушакбозлик билан якунланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири