Давлат ижтимоий буюртмаси учун 25 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлат ижтимоий буюртмаларини амалга ошириш учун фуқаролик жамияти институтлари ўртасида танлов ўтказиш масалалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларидан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилган бўлиб, бу соҳадаги ислоҳотлар уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Йиғилишда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан келиб тушган давлат ижтимоий буюртмалар муҳокама қилиниб, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган 29 давлат ижтимоий буюртмаси саралаб олинди.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун 25 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилган ҳамда танловлар яқин кунларда эълон қилинади.
Давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари танловларининг барча жараёнлари ngo.gov.uz электрон платформаси орқали амалга оширилаётгани, мазкур тизим очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бирга фуқаролик жамияти институтлари учун қўшимча қулайликлар яратаётгани қайд этилди.
Н.Абдуримова, ЎзА