Чиқинди масаласи жамоатчилик назоратида
“Юксалиш” ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган навбатдаги жамоатчилик эшитувида вилоятда чиқиндиларни бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.
Унда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси ҳамда Чиқинди полигонларини бошқариш дирекциясининг вилоят ҳудудий бошқармаси раҳбарларининг соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотлари эшитилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда чиқиндиларни бошқариш, уларни саралаш ва қайта ишлаш орқали иқтисодиёт учун зарур хомашёга айлантириш бутун дунёда долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Аҳоли сони ва истеъмол ҳажми ортиб бораётган шароитда чиқиндиларни экологик талаблар асосида бошқариш, полигонлар фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш муҳим вазифадир.

– “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида Навоий вилоятида қаттиқ маиший чиқинди полигонларини қисқартириш даражасини 9,7 фоизга етказиш вазифаси белгиланган, – дейди Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Шомурод Ғайбуллаев. –- Бу борада рекультивация қилиниши лозим бўлган полигонлар рўйхати шакллантирилиб, ишларни босқичма-босқич амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларни жорий этиш, эски полигонларни босқичма-босқич рекультивация қилиш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жамоатчилик мониторинги жараёнида соҳада ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳам аниқланган. Хусусан, Навбаҳор ва Томди туманларидаги чиқинди полигонларига олиб борувчи айрим йўлларнинг қум қопламали экани махсус техникалар ҳаракатига қийинчилик туғдирмоқда. Бу эса чиқинди ташиш хизматини кўрсатувчи ташкилотлар иш унумдорлигига салбий таъсир кўрсатиб, махсус техникаларнинг тез-тез ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда.
– Мониторинглар давомида рекультивация қилинган айрим чиқинди полигонларининг ҳам белгиланган талабларга тўлиқ мос эмаслиги аниқланган, – дейди “Юксалиш” ҳаракатининг вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Илҳом Сатторов. – Шу муносабат билан рекультивация ишларини сифатли ташкил этиш ва белгиланган экологик талабларга қатъий риоя қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилган. Бугунги жамоатчилик эшитуви давомида эски чиқинди полигонларини яшил ҳудудларга айлантириш, полигонларга олиб борувчи йўлларнинг ҳолатини яхшилаш, бу борада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Чиқиндиларни бошқаришда фақат махсус техникалар ёки полигонларнинг ҳолати эмас, балки аҳолининг экологик маданияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис чиқиндиларни хонадонларнинг ўзида, яъни бирламчи бўғинда саралаш маданиятини шакллантириш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, чиқинди полигонлари атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил этиш, мавжуд полигонларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Эшитувда санитария-гигиена масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, чиқинди контейнерлари атрофининг мунтазам дезинфекция қилинмаслиги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Чиқинди ташиш машиналарининг полигонларда ювилмаслиги ва дезинфекция қилинмаслиги, айрим ҳолларда полигонларнинг ўзида ҳам дезинфекция ишлари етарли даражада ташкил этилмагани санитария ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Шу ўринда чиқиндиларни бошқаришда замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш муҳим. Чиқиндини фақат олиб чиқиб кетиш эмас, балки уни саралаш, қайта ишлаш ва иккиламчи хомашё сифатида иқтисодий айланмага қайтариш орқали ҳам экологик, ҳам иқтисодий самарага эришиш мумкин.
Жамоатчилик эшитувида соҳадаги муаммолар билан бир қаторда аҳолининг чиқинди ташлаш маданиятини ошириш, экологик онгни юксалтириш ва бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда жамоатчилик гуруҳи аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, чиқиндиларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири