Чимбойлик ёшлар билан учрашув
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Чимбой туманидаги бир қатор ишсиз ва оталиққа олинган ёшлар билан учрашди.
Таъкидланганидек, юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугунги кунда мунтазам амалга оширилаётган “Ҳар пайшанба - Ёшлар куни”ташаббуси юртимизда ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги, самарали ва манзилли тизимини шакллантирмоқда. Бу ташаббус ёшларнинг нафақат муаммоларини тинглаш, балки уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, салоҳиятини тўла намоён этиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Учрашувда бу борада ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Шу билан бирга, ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, турли йўналишларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида ёшлар фаоллик кўрсатиб, ўзларини қизиқтираётган масалалар, амалда учраётган муаммолар юзасидан таклиф ва ташаббусларни билдиришди. Хусусан, иш билан таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, касб-ҳунар ўрганиш ва таълим соҳасига оид масалалар илгари сурилди. Энг муҳими, ёшлар томонидан билдирилган ҳар бир масала Жўқорғи Кенгес раисининг шахсий назоратига олиниб, соҳа мутасаддиларига уларни қисқа муддатларда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Учрашув якунида спортнинг пара сузиш тури бўйича Жаҳон чемпиони Шаҳноза Ережепбаева муносиб рағбатлантирилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.