Боғдорчиликда инновацион усул
2025 йил ёзи эди. “AOK GARDEN” масъулияти чекланган жамияти Қуванинг жазирама ва тошли қир-адирларида иш бошлади. Дастлаб узумчилик билан шуғулланди. Шунда жамият таъсисчиси Хуршид Саидов бир фикрни айтиб қолди: “Президент қуёш панеллари остида экин майдонлари ташкил қилиш таклифини билдирган эди. Узумзорга қуёш панеллари қўйсак-чи?”
Шундай қилиб ажратилган 110 гектарнинг 50 гектаридаги узумзор устига қуёш панеллари қўйила бошланди. Ўшанда бу ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берган эди. Мана энди, “AOK GARDEN” Қувада Ўзбекистонда ўхшаши йўқ узум боғини яратди. 110 гектар майдонда 8 млн.доллар ҳамда 10 млрд сўм кредит маблағлари эвазига узумчилик ва чорвачилик мажмуаси лойиҳасини амалга оширди.

Ҳудудда замонавий энергия тизими: 10 мингта қуёш панели ўрнатилиб, 5 МВт бўлган ўзини электр билан таъминлаш ва қўшимча даромад олиш имконияти йўлга қўйилган.

– Бу йил аватар навли узум ҳосилга кирди, – дейди “AOK GARDEN” МЧЖ раҳбари Хуршид Саидов. – Келаси йилга 120 минг туп узум 3 минг тонна ҳосил беради. Бу 15 млн.доллар экспорт дегани. Агар биз уни чуқур қайта ишласак, бундан ҳам кўпроқ даромадга эга бўламиз. Бу ерда узумни қайта ишлаш фабрикаларини қурамиз. Ундан узум шарбати, узумдан тиббиёт учун биопрепаратлар ишлаб чиқариб, майиз олиб экспорт қиламиз.
Узумзор боғ томчилатиб суғорилади. Уни амалга ошириш учун барча технологик жиҳозлар ўрнатилди.
Боғбон яна илмга таянди. Боғ остидан ҳам самарали фойдаланиш йўлини топди.

– Ҳозирча 50 гектар майдонга ташкил қилганмиз. Президентимиз ташрифидан сўнг яна 400 гектар ер ажратиб берилди. 3 йил давомида 510 гектар боғ ташкил қилишни режалаштирганмиз. Бу йил 120 минг туп узумдан 500 тоннадан ортиқ ҳосил кутиляпти. Бундан ташқари, узум остига тарвуз, қовун ҳам экканмиз. Ундан 200-300 тонна ҳосил олиш режамиз бор.

Ҳозирги кунда 80 нафар ишчи доимий, 300 нафари мавсумий тарзда ишлайди. Кейинги йил 450 нафар ишчини доимий, 1500 нафарини эса мавсумий иш билан таъминлашга тайёргарлик кўряпмиз.

Мажмуанинг тўлиқ ишга тушиши ҳудудда аграр соҳани ривожлантириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш, экологик тоза энергиядан фойдаланиш ва иқтисодий барқарорликка эришишга қаратилган муҳим қадам бўлади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/fvt6btKno-M?si=N8TKHoepzW-uabQk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА