Ижара хизматлари ҳажми 3,8 триллион сўмга етди
Ўзбекистонда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг энг фаол йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, сўнгги йилларда уй-жой, тижорат бинолари, махсус техника ва бошқа объектларни ижарага бериш хизматларига бўлган талаб сезиларли даражада ошмоқда. Бу эса ижара бозорининг кенгайиши, тадбиркорлик муҳитининг фаоллашиши ҳамда аҳоли даромад манбалари диверсификация қилинаётганидан далолат беради.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–март ойларида мамлакатда ижара хизматлари ҳажми 3,8 триллион сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга ошгани билан аҳамиятли.
Таҳлилларга кўра, ижара хизматлари бозоридаги ўсишга урбанизация жараёнлари, янги қурилиш лойиҳалари, хусусий сектор фаоллигининг кучайиши ҳамда аҳолининг турар жойга бўлган эҳтиёжи ортиши асосий омил бўлмоқда. Шунингдек, кичик бизнес субъектлари томонидан офис, савдо ва ишлаб чиқариш биноларини ижарага олишга бўлган талаб ҳам юқори суръатларда ўсмоқда.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда ижара хизматлари ҳажми 1,6 триллион сўмни ташкил этган. Бу мамлакат умумий кўрсаткичининг салмоқли қисмини ташкил этади. Мутахассислар бу ҳолатни пойтахтда аҳоли зичлиги, бизнес фаоллиги ва кўчмас мулк бозори юқори даражада ривожлангани билан изоҳламоқда.
Иқтисодчилар фикрича, ижара хизматлари бозорининг ўсиши аҳоли учун қўшимча даромад манбаи яратиш, хусусий мулкдан самарали фойдаланиш ва хизматлар соҳасида янги иш ўринлари ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, замонавий турар жой мажмуалари, офис бинолари ва логистика инфратузилмаси кенгайиши ушбу бозор ривожига янада туртки бериши кутилмоқда.
Экспертлар келгусида рақамли платформалар орқали ижара муносабатларини тартибга солиш, бозор шаффофлигини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилаш соҳадаги ўсиш суръатларини янада жадаллаштиришини таъкидламоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА