Бунёдкорлик ишлари – аҳоли турмуш фаровонлигини оширмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Учқўрғон туманида оғир тоифадаги маҳаллаларни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Дастурга киритилган Бирлик, Навоий, Пахтачи, Ёғду ва Озод маҳаллалари инфратузилмасини яхшилаш учун республика ва маҳаллий бюджет маблағлари йўналтирилди.
Хусусан, Озод маҳалласида аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Жумладан, 5,9 километр ички йўллар асфальтланмоқда, 0,6 километр пиёдалар йўлакчаси қурилди. Кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, маҳалла аҳлининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши учун шароит яратилди.
Электр таъминотини яхшилаш мақсадида янги трансформатор ўрнатилди ҳамда 4,2 километр электр тармоғи замонавий СИП кабеллари билан янгиланди. Шунингдек, 3,3 километр ичимлик суви тармоғи тортилди.
[gallery-30898]
Таълим соҳасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилиб, маҳалладаги мактаб тўлиқ таъмирланди ва қўшимча ўқув биноси қурилди. Бу эса ёш авлоднинг замонавий ва қулай шароитларда таълим олишига хизмат қилади.
Маҳаллада амалга оширилаётган ушбу бунёдкорлик ишлари аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ва маҳаллага янги қиёфа бағишлаш билан бирга, юртимиз мустақиллигининг 35 йиллигига муносиб туҳфа бўлмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА