Куз-қиш мавсумида 1 миллион сўмлик ёрдам кимларга берилади?
Куз-қиш мавсуми келиши билан аҳолини, айниқса, кам таъминланган ва кўмакка муҳтож қатламларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланади. Энергетика тизимидаги ислоҳотлар ва тарифларнинг мослаштирилиши шароитида аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолиш ҳамда хонадонлардаги иссиқлик ва файзни таъминлаш алоҳида аҳамиятли.
Хусусан, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ва кенгайтирилган коммунал компенсациялар ажратилиши белгиланмоқда. Ушбу янги тизимнинг эътиборли жиҳати шундаки, бу гал ижтимоий кўмакнинг қамрови ва кўлами сезиларли даражада кенгайтирилмоқда.
Давлат томонидан белгиланган даромад мезонларининг юмшатилиши натижасида нафақат «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»даги анъанавий бенефициарлар, балки кўмакка муҳтож бўлган яна юз минглаб қўшимча хонадонлар иссиқлик мавсумида ёлғизлатиб қўйилмайди.
Шу билан бирга, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли базавий меъёрдан ошганда бериладиган компенсация муддатларининг узайтирилиши аҳоли елкасидаги молиявий юқни сезиларли даражада енгиллатишга хизмат қилади.
1 миллион сўмлик бир марталик ёрдам Ижтимоий реестрдаги ҳамда реестрда бўлмаса-да, “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида ва бошқа белгиланган мезонларга мос эҳтиёжманд оилаларга берилади. Маблағлар 30 ноябрга қадар банк ёки ижтимоий карталарга ўтказилади.
Электр энергияси ва табиий газ белгиланган мезонларга мос оилаларнинг базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли учун тарифлар фарқи қопланади. Газ таъминоти мавжуд бўлмаган ёки қийин ҳудудларда иситиш мавсуми учун электр энергияси базавий меъёри 350 кВт этиб белгиланган.
Шу ўринда, кўмир ва суюлтирилган газ учун компенсация белгиланган мезонларга мос оилаларга:
Суюлтирилган газ учун — харид қилинган ҳар бир килограммга 3000 сўмдан, ойига 20 килограммгача,
mycoal.uz орқали харид қилинган кўмир учун — ҳар бир тоннага 300 минг сўмдан, бир календарь йилда жами 600 минг сўмгача компенсация берилиши назарда тутилган.
Муҳими шундаки, бир марталик ёрдам ва коммунал компенсациялар алоҳида чоралар бўлиб, уларни олиш шартлари фарқланади.
Хулоса қилиб айтганда, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга ажратилаётган 1 миллион сўмлик бир марталик моддий ёрдам ва узайтирилаётган коммунал компенсациялар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадам.
Энергия тарифлари ўзгариши шароитида давлат томонидан кўрсатилаётган бундай манзилли кўмак кам таъминланган хонадонларнинг куз-қиш мавсумини беталафот ва иссиқ уйларда ўтказишини таъминлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА