Ўттиз икки йиллик тарихий йўл ва стратегик ислоҳотлар натижаси
Мамлакатимиз транспорт-логистика тизимининг мустаҳкам таянчи бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда жорий йилнинг 9 ойлик якунларига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Юртимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ҳудудлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқимизга замонавий транспорт хизматларини кўрсатишда пўлат излар фидойиларининг ҳиссаси беқиёс. Бугунги кунда соҳа ходимлари ўз касб байрамини улкан ютуқлар, салмоқли кўрсаткичлар ва аниқ режалар билан нишонламоқда.

Маълумки, 1994 йил 7 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Ўрта Осиё темир йўллари негизида ташкил этилган мазкур тизим ўтган давр мобайнида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йил 10 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги тарихий қарори соҳада чинакам янгиланишлар ва тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди.
Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт ва транзит салоҳиятини юксалтиришда транспорт-логистика инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мазкур стратегик ҳужжат ижроси доирасида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида юк ташиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш, қурилиш ва саноат ишлаб чиқариши сифати юқори босқичга кўтарилди. Биргина носоҳавий активларнинг топширилиши йиллик 100 миллиард сўм харажатни тежаш имконини берди. “Ягона дарча”, “МПЦ Турон”, “Smart Depo”, “ДЦ Истиқлол” каби инновацион ечимлар жорий этилиши орқали соҳани рақамлаштириш даражаси 75 фоизга етказилди.

Жамият бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев тадбирда сўзга чиқиб, соҳа фидойиларини қутлади ҳамда 2026 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича эришилган асосий кўрсаткичларни сарҳисоб қилди. Унга кўра, 2025 йилнинг мос даврида 80,3 миллион тонна юк ташилган бўлса, 2026 йилнинг 9 ойи давомида бу кўрсаткич 83,7 миллион тоннани ташкил этди. Юк айланмаси 26,2 миллиард тонна километрни ташкил этиб, 127,6 фоизлик ўсиш қайд этилди. Республика умумий транспорти юк айланмасида темир йўл транспортининг улуши 38 фоизга етди. Йўловчи ташиш бўйича ҳам ижобий динамика кузатилиб, жорий йилнинг 9 ойида 9 миллион 125,7 минг йўловчига хизмат кўрсатилди.

Соҳада амалга оширилаётган барча ислоҳотларда қурилиш ва модернизация ишлари асосий драйверга айланди. 2023 –2026 йилларда 23 та йирик лойиҳа фойдаланишга топширилди, 19 та янги темир йўл кўприги ва кўплаб йўл ўтказгичлар барпо этилди. “Ховос – Зомин туризм” (28 км) ва “Байтқўрғон – Паркент” (24 км) каби янги электрлашган линияларнинг топширилиши, вокзаллар ва поездлар паркининг (“Жалолиддин Мангуберди”, “CRRC Dalian”, “ЭП3Д” ва “CRRC 200”) янгиланиши халқимизга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширди. Тизим тўлиқ ўзини ўзи молиялаштиришга ўтгани фонида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2023 йилга нисбатан 157,9 фоизга ўсиб, 10 миллион 16 минг сўмга етди.

Тадбир сўнггида тизим ривожига муносиб ҳисса қўшган 15 нафар соҳа ходими соҳанинг энг юксак мукофоти – “Фахрий темирйўлчи” кўкрак белгиси, шунингдек, 10 нафар ходим “Фахрий ёрлиқ” ҳамда пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодий қудрати ва транзит салоҳиятининг мустаҳкам таянчига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган стратегик устувор вазифалар — рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳани янги тараққиёт босқичига олиб чиқмоқда. Пўлат излар узра ҳаракатланаётган ҳар бир поезд юртимиз фаровонлиги ва барқарор ривожланишининг рамзи бўлиб хизмат қилаверади.

Рустам Ҳайдаров, ЎзА