Боткенда ўзбек қўшиқлари янграмоқда
Қирғизистоннинг Боткен вилояти Лейлек туманига қарашли Қатраŋ қишлоғида, Козу-Бағлан дарёси бўйидаги гўзал табиат қўйнида “Маданият дўстликка чорлайди” номли халқаро дўстлик фестивали бўлиб ўтмоқда.
Фестиваль Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг маданият вакилларини бир саҳнага жамлаб, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Тадбир маданият арбоби Асанбай Мансуров ҳамда Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Самара Каримованинг ташаббуси билан ташкил этилди.

Фестивалда Қирғизистон Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили ўринбосари Мақсатай Каримбердиева, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Ахмедов, шунингдек, Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган вакиллар иштирок этди.

Расмий меҳмонлар фестиваль иштирокчиларини табриклаб, бундай маданий тадбирлар қўшни давлатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, улар ташкилотчилар ва маданият намояндаларига халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан ҳиссалари учун миннатдорлик билдирди.
Фестивалнинг концерт дастурида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой санъат юлдузлари томошабинларга унутилмас кайфият улашди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА