Халқ манфаатига хизмат қилаётган янги бошқарув тизими
Навоий вилояти Навбаҳор туманида “Маҳалла еттилиги” аъзолари учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди. Бугунги кунда юртимизда маҳалла институтини янада мустаҳкамлаш, уни аҳоли муаммоларини ҳал этадиган энг самарали бўғинга айлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Президентимизнинг 2026 йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эса бу борада мутлақо янги ёндашувни шакллантириб, маҳаллаларда аҳоли билан манзилли ишлаш, давлат идоралари ва жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган семинарда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, профилактика инспекторлари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, ижтимоий хизмат ходимлари ва солиқ инспекторлари иштирок этди.

Семинарда асосий эътибор маҳалла фаолиятини натижага йўналтиришга қаратилди. Хусусан, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “Маҳалла еттилиги”нинг ўзаро ҳамкорлиги муҳокама қилинди.

– Бугунги кунда маҳалла нафақат фуқаролар йиғини, балки давлат хизматларини аҳолига энг яқин нуқтада етказиб берувчи тизимга айланмоқда, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими бошлиғи Собир Нормаматов. – Энди маҳалладаги ҳар бир муаммо мутасадди ташкилотларга юборилибгина қолмай, уни ҳал этиш учун масъул идоралар ўзаро ҳамкорликда ишлайди. Бу эса мурожаатларнинг тезкор ҳал қилиниши, аҳоли розилигини таъминлаш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Семинарда иштирокчиларга Президент фармонида белгиланган янги вазифалар юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилди ва маҳаллаларда учраётган муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқилди. Семинар давомида ҳудудлардаги мавжуд тажрибалар ҳам ўрганилиб, уларни кенг жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири