"Маҳалла еттилиги"га янги вазифалар тушунтирилди
Президентнинг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган "Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш ҳамда унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоятида "Маҳалла еттилиги" аъзолари учун ўқув-амалий семинарлар ўтказилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев раислигида видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган семинарда Сирдарё вилоятининг 221 та маҳалласидан 1369 нафар "маҳалла еттилиги" аъзоси иштирок этди.
Ўқувлар давомида Президент Фармони билан маҳалла бошқаруви тизимида жорий этилаётган янгиликлар, "маҳалла еттилиги" аъзоларининг ҳуқуқ ва ваколатлари, зиммаларига юклатилган янги вазифалар ҳамда уларнинг амалий ижроси юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Таъкидланганидек, мазкур Фармон маҳалла институтини янада мустақил, халқчил ва самарали бошқарув тизимига айлантиришга қаратилган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Ҳужжат билан маҳалла бошқарувини рақамлаштириш, давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш ҳамда маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш бўйича янги ёндашувлар белгиланди.
Семинарда Фармоннинг энг муҳим янгиликларидан бири сифатида «маҳалла еттилиги» фаолиятининг натижага йўналтирилган бошқарув тамойили асосида қайта ташкил этилгани алоҳида қайд этилди. Агар аввалги тартибда ҳар бир аъзо асосан ўз йўналиши бўйича фаолият юритган бўлса, эндиликда асосий эътибор уларнинг ягона жамоа сифатида ишлаши ва умумий натижа учун масъуллигига қаратилди.
Хусусан, маҳалла раиси учун вазифалар сони 5 тадан 26 тага, ҳоким ёрдамчиси учун 7 тадан 14 тага, хотин-қизлар фаоли учун 4 тадан 10 тага оширилди. Шунингдек, профилактика инспекторига 22 та, ижтимоий ходимга 5 та, солиқ инспекторига 13 та вазифа юклатилди. Энг муҳими, илк бор "маҳалла еттилиги" нинг барча аъзолари учун 9 та умумий ҳамкорликдаги вазифа ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Бу эса маҳаллаларда жамоавий бошқарувни кучайтириш, масъулиятни аниқ тақсимлаш ҳамда аҳоли муаммоларини комплекс ҳал этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Шунингдек, энди маҳаллалар фаолияти ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш каби аниқ натижалар асосида баҳоланиши таъкидланди.
Семинар иштирокчиларига "Рақамли маҳалла" платформасининг имкониятлари ҳам атрофлича тушунтирилди. Унга кўра, аҳоли мурожаатлари ягона электрон тизимда юритилиб, сунъий интеллект асосида таҳлил қилинади, муаммолар автоматик тарзда масъулларга тақсимланади ҳамда ижро жараёнлари доимий мониторинг қилиб борилади.
Шу билан бирга, аҳоли муаммоларини "маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика" тамойили асосида ҳал этишнинг янги механизми, маҳаллаларнинг молиявий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилувчи янги маблағ манбалари ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг Маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш жамғармасига ҳар йили республика бюджети ҳисобидан 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши назарда тутилгани қайд этилди.
Энг муҳими, Фармон билан маҳалла тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 50 та банддан иборат "Йўл харитаси" тасдиқланди. Мазкур ҳужжат белгиланган вазифаларнинг босқичма-босқич ва тизимли амалга оширилишини таъминлайдиган муҳим амалий дастур ҳисобланади.
Машғулотлар якунида иштирокчиларга Президент Фармонида белгиланган вазифаларни амалиётга самарали татбиқ этиш, идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
— Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур ҳужжат маҳалла бошқарувини ташкил этишнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди. Унда «маҳалла еттилиги» аъзоларининг вазифа ва ваколатлари замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқилиб, энг муҳими, уларнинг ягона жамоа сифатида натижа учун ишлаши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
[gallery-30314]
Бугунги ўқув-амалий семинар ушбу ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини жойлардаги масъулларга тўлиқ етказиш, янги вазифаларни бир хил англаш ва уларни амалиётга самарали татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, «маҳалла еттилиги» аъзолари учун биринчи марта 9 та умумий ҳамкорликдаги вазифанинг белгиланиши маҳаллаларда жамоавий бошқарув ва ўзаро масъулиятни янада кучайтиради.
Шунингдек, Фармон билан тасдиқланган 50 та банддан иборат "Йўл харитаси" белгиланган вазифаларнинг изчил ва тизимли ижросини таъминлашга хизмат қилади. Сирдарё вилоятида ҳам мазкур семинарда билдирилган фикр ва тавсиялар асосида Президент Фармони ижросини таъминлаш, "маҳалла еттилиги" фаолияти самарадорлигини янада ошириш, аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бу ўз навбатида маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА