Болалар учун хавфсиз ва мазмунли таътил ташкил этилади
Ёзги таътил даврида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантириш ҳамда соғлом дам олишини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда мамлакатимиздаги “Келажак” марказлари ва таълим муассасаларида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Республика “Келажак” маркази ҳамда ҳудудий марказлар раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида ёзги таътил кунларида болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, оромгоҳлар ва тўгараклар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот қилинди.
Маълум қилинишича, айни пайтда “Келажак” марказларида жами 8 минг 240 та тўгарак фаолият юритмоқда. Шундан 4 минг 961 таси ёзги мавсум давомида ишлаб, 132 минг 942 нафар болани қамраб олиши кутилмоқда.

Шунингдек, таълим муассасалари ҳузурида 1 минг 242 та соғломлаштириш майдончаси бепул ташкил этилади. Уларда 156 минг 475 нафар боланинг дам олиши режалаштирилган.
Мазкур майдончаларда ёзги таътилни қизиқарли ва мазмунли ташкил этиш мақсадида 11 минг нафардан ортиқ педагог жалб қилинади.

Бундан ташқари, ёзги соғломлаштириш ишлари доирасида 50 та “Келажак” маркази негизида ҳам соғломлаштириш майдончалари ташкил этилган.

Учрашувда таътил даврида болаларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, уларни касбга йўналтириш ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда ёзги оромгоҳларга кенг жалб этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Бу каби ташаббуслар ёш авлоднинг ҳар томонлама ривожланиши ва бўш вақтини самарали ташкил этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА