Белград глобал конференциясида Ўзбекистондаги гендер тенглик соҳасида эришилган ютуқлар эътироф этилди
Сербиянинг Белград шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ) парламентларининг аёл аъзолари глобал конференцияси бўлиб ўтди. “Тенгликни тарғиб қилиш: гендер стереотиплар ва салбий ижтимоий нормаларни енгиб ўтиш” мавзусидаги анжуманда 65 мамлакатдан 427 нафар делегат, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди.
Глобал конференциянинг очилиш маросимида ПИ Бош котиби М.Чунгонг, ПИ президенти Т.Эксон, Сербия Миллий Ассамблеяси Спикери А.Брнабич, Сербия ҳукумати вакилларининг нутқлари тингланди.

Конференцияда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш ва сиёсий соҳада тенг имкониятларни таъминлашга тўсқинлик қилаётган ижтимоий ҳамда институционал омилларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
ПИ маълумотларига кўра, 2026 йил боши ҳолатида аёллар миллий парламентлардаги ўринларнинг ўртача 27,5 фоизини эгалламоқда. Бу эса мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

Ялпи мажлисда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда Президент бошчилигида гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этди. Ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар такдимот қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда, биринчидан, тенг ҳуқуқлар ва хотин-қизларни ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик базаси такомиллаштирилди, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мажбурий гендер экспертизадан ўтказилмоқда. Иккинчидан, қизларнинг STEAM, муҳандислик ва юқори технологиялар соҳаларига жалб этилиши қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари, аёл раҳбарлар захирасини шакллантириш ва уларни давлат бошқарувига тайёрлаш дастурлари амалга оширилмоқда.

Натижада парламентда аёллар улуши 38 фоизга, давлат бошқарувида 35 фоизга ва тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга етди. Ўзбекистон ПИ рейтингида 92 поғонага кўтарилиб, дунёда 36-ўринни эгаллади.
Сенат Раиси гендер стереотипларини бартараф этиш барқарор ривожланиш ва самарали давлат бошқарувининг муҳим шарти эканини таъкидлаб, парламентлар ўртасида тажриба алмашиш ва самарали қонунчилик механизмларини кенг жорий этиш муҳимлигини қайд этди.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган гендер тенглик соҳасидаги ислоҳотлар, хусусан, аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш давлат қўллови асосида бўлаётганини ижобий баҳолади. Мазкур тажрибани ўрганиш ва халқаро амалиётда қўллаш муҳимлиги таъкидланди.
Глобал конференцияда қатор давлатлар парламентлар вакиллари сўз олиб, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги, давлат бошқарувидаги ўрни ҳақидаги ўз ютуқлари ва муаммоларни қандай ҳал этаётгани билан боғлиқ тажрибалари билан ўртоқлашди. Иштирокчилар бу жараёнга тегишли давлат органлари, айниқса, ҳукуматларни жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади. Гендер стереотиплар ва салбий ижтимоий нормаларни енгиб ўтишда парламентлар бирдамлигини кучайтиришга келишиб олди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
Белград, Сербия Республикаси