Ўзбекистон делегацияси Венгрия парламенти раҳбарияти билан учрашди
Белград шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг Аёл-парламентарийлар глобал конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация Венгрия Миллий Ассамблеяси раҳбарияти билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда олий даражада эришилган келишувларни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Венгрия Миллий Ассамблеяси Раиси Агнеш Форстхоффер Ўзбекистон раҳбарияти томонидан икки давлат муносабатларини изчил ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида қайд этиб, бугунги кунда Ўзбекистон–Венгрия ҳамкорлиги барча йўналишларда мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Венгрия томони парламент дипломатиясини давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш ва халқлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси сифатида баҳолашини билдириб, Ўзбекистон билан парламентлараро мулоқот ва ҳамкорликни янада фаоллаштиришга тайёр эканини маълум қилди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева кейинги йилларда икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги очиқ ва ишончли мулоқот туфайли Ўзбекистон–Венгрия муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Қайд этилганидек, парламентлараро ҳамкорлик давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро алоқаларни янада кенгайтириш ва институционал асосларини мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқлади. Шунингдек, парламентларда янги таркибдаги дўстлик гуруҳлари шакллантирилгандан сўнг уларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА