Битирувчилар учун янги ҳаёт саҳифаси очилди
Бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларнинг замонавий билим олиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган имкониятлар эртанги порлоқ келажагимизнинг мустаҳкам кафолатига айланмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар уйғунлигида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги 53-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Сўнгги қўнғироқ” тадбири юқори савияда, кўтаринки руҳ ва унутилмас таассуротлар остида бўлиб ўтди. Байрамона безатилган масканда янграган сўнгги қўнғироқ садолари минглаб орзу-интилишлар, эзгу ниятлар ва катта ҳаёт сари қўйилаётган илк дадил қадамларнинг рамзига айланди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, маҳалла фаоллари, ёшлар етакчилари, устоз ва мураббийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этиб, битирувчи ёшларга самимий тилакларини билдирдилар. Сўзга чиққанлар бугунги тинч ва осуда ҳаёт, илм-фан ва тараққиёт йўлида ёшлар зиммасига катта масъулият юкланаётганини алоҳида таъкидладилар.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбири давомида устозларга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром, ота-оналарга миннатдорлик туйғулари, синфдошлар ўртасидаги самимий меҳр ва дўстлик ришталари яна бир бор намоён бўлди. Битирувчиларнинг қалбида ҳаяжон, қувонч ва масъулият ҳисси уйғунлашиб, улар учун янги ҳаёт саҳифаси очилди.
Дарҳақиқат, “Сўнгги қўнғироқ” – бу оддий тадбир эмас. Бу болалик билан хайрлашув, орзулар сари йўл очувчи тарихий лаҳза, катта ҳаёт остонасидаги масъулиятли ва шарафли қадамдир. Ушбу унутилмас кун ҳар бир битирувчининг қалбида умрбоқий хотира сифатида муҳрланади.
Бугун Янги Ўзбекистон ёшлари олдида улкан мақсадлар турибди. Улар аждодларнинг бой илмий-маънавий меросини давом эттириб, замонавий билим ва инновациялар билан қуролланган ҳолда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган Учинчи Ренессанс бунёдкорларига айланишлари шубҳасиз.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.